Ўзбекистон Мудофаа доктринаси ва миллий хавфсизлик концепциясини янгилайди
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг Мудофаа доктринаси ҳамда Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Давлат раҳбарига кўра, амалдаги ҳужжатлар замон талабидан ортда қолган: Мудофаа доктринаси саккиз йил аввал қабул қилинган, Миллий хавфсизлик концепцияси эса 1997 йилга бориб тақалади. Ҳозирги таҳдидлар тез ўзгараётгани эса янгича ёндашувларни талаб қилмоқда.
Янги Мудофаа доктринаси Ўзбекистоннинг блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаб қолиши, кўп томонлама дипломатияга таяниши, шунингдек, юқори технологиялар, ҳарбий мустақиллик ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга йўналтирилиши керак. Президентнинг қайд этишича, мазкур доктрина армияни технологик янгилаш ва илғор ҳарбий ечимларни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
