“Кетишга тайёр эдим…” — Баҳром Назаров ҳаётидаги бурилиш ҳақида
Хонанда Баҳром Назаров “ЧоткиТВ” кўрсатувига берган интервюсида санъат соҳасига кириб келишидан аввалги ҳаёт йўли ва унутилмас хотиралари билан ўртоқлашди. У ўша даврда қанчалик оғир танлов қаршисида қолганини самимий тарзда сўзлаб берди.
Баҳром Назаровнинг айтишича, 2013 йиллар атрофида у ишлаш мақсадида Швейцарияга кетишни режалаштирган. Сабаби, ўша пайтда бориб ишламасликнинг иложи йўқ эди:
“Уй-жой қиламан, ишлаб келаман, деган ниятим бор эди. Икки ёшли фарзандим бор эди. Оиламни боқишим керак эди,” — дейди хонанда.
У сафарга чиқишдан аввал устози олдига бориб, уларнинг дуоларини олиш, берган нон-тузларига розичилик билдиришни лозим топганини ҳам эслаб ўтди. Аммо устозининг жавоби унинг ҳаёт йўлини бутунлай ўзгартирган:
“Баҳром, сен ҳаракатчан, ижодкор йигитсан. Яна бир бор ҳаракат қилиб кўр, бир эшикни тақиллат. Балки кимдир очиб қолар. Агар бўлмаса, кейин кетаверасан,” — деганлар.
Шу маслаҳатдан руҳланган Баҳром Назаров яна бир бор ҳаракат қилишга қарор қилганини ва айнан шу қарор унинг ҳаётида бурилиш бўлганини таъкидлади:
“Мен ҳаракат қилдим ва ўхшаб кетди. Оллоҳ эшикларни очди,” — дейди у.
Суҳбат якунида хонанда барчага ибрат бўладиган фикрини ҳам билдириб ўтди:
“Шунинг учун ким бўлишидан қатъи назар, ҳаракат қилиш, интилиш керак. Эшикни тақиллатиб кўриш керак. Оллоҳ айтганидек: 'Сен ҳаракат қил, мен бераман'. Бандаси шунча ҳаракат қилса, Оллоҳ бермасликдан ҳаё қилади,” — дея фикрини якунлади.
