ru24.pro
World News in Uzbek
Октябрь
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Афғонистон ва Покистон чегарасида қонли тўқнашув содир бўлди

0

12 октябрь, якшанба куни тушдан кейин Афғонистон ва Покистон чегарасида вазият янада кескинлашди, деб хабар берди AFP ҳар икки давлат манбаларига таяниб. Маълумотларга кўра, икки томон ўртасидаги қуролли тўқнашувлар натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган, аммо аниқ рақамларни мустақил тарзда текшириш имкони йўқ.

Кобулдаги ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати расмийси Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг билдиришича, тўқнашувларда 58 нафар Покистон аскари ҳалок бўлган. Исломобод бу маълумотни рад этди. Толибон баёнотида таъкидланишича, Афғонистон кучлари қўшни давлатнинг 20 та чегара постини вақтинча эгаллаб олган. Мужоҳид бу ҳаракатни “жавоб чораси” деб атади ва тўққиз афғон аскари ҳам ҳалок бўлганини қайд этди.

Шу билан бирга, Покистон ОАВ хавфсизлик манбаларига таяниб, афғон томонида ҳам кўп сонли қурбонлар борлиги ҳақида хабар тарқатди. Уларга кўра, Покистон қўшинлари 19 та афғон чегара постини ўз назоратига олган. Бу ҳақда ҳам AFP агентлиги маълум қилди.

Кеча икки давлат чегарасидаги можаро яна кучайди — “Толибон” ва Покистон армияси ўртасида шиддатли отишмалар бўлиб ўтди. Бу воқеалардан икки кун аввал Кобул Исломободни Афғонистон ҳудудига ҳаво зарбалари берганликда айблаган эди.

9 октябрь куни Кобул ва жанубий-шарқий ҳудудларда содир бўлган портлашлардан сўнг Афғонистон Мудофаа вазирлиги Покистонни мамлакат суверенитетини бузишда айблади. Покистон эса бу айбловларни рад этиб, Кобулни “ўз ҳудудида Покистон толибларига бошпана беришни тўхтатишга” чақирди.

Покистон ҳукумати “Толибон” билан боғлиқ қуролли гуруҳларни 2021 йилдан бери юзлаб покистонлик аскарларни ўлдирганликда айблаб келмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Покистонлик толиблар Афғонистонда тайёргарликдан ўтади ва афғон ҳамфикрлари ғояларини қўллаб-қувватлайди.

Покистон разведкасидан dpa агентлигига маълум қилишларича, Исломобод амалга оширган зарбалар Покистон толиблари етакчиси Нур Вали Меҳсудга қаратилган.

Кузатувчиларнинг фикрича, икки давлат ўртасидаги бу зиддият нафақат ҳарбий жиҳатдан, балки сиёсий даражада ҳам янги хавфли босқични бошлаши мумкин. Афғонистон-Покистон чегарасидаги беқарорлик бутун минтақада тинчлик учун жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда.