ru24.pro
World News in Uzbek
Октябрь
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Сайёҳлар танлови: дунёдаги энг севимли шаҳарлар анонс қилинди

0

Дунёнинг машҳур саёҳат нашрларидан бири — Condé Nast Traveler бу йилги сайёҳлар орасида энг севимли шаҳарлар рейтингини эълон қилди. Нашр маълумотларига кўра, сўровномада 757 мингдан ортиқ сайёҳ иштирок этган.

Ушбу рейтинг ҳар йили тузилади ва у икки йўналишни ўз ичига олади — йирик шаҳарлар ҳамда кичик сайёҳлик манзиллари бўйича. Ҳар икки тоифа гўзаллик, инфратузилма ва сайёҳлар учун яратилган қулайликлар асосида баҳоланади.

Йирик шаҳарлар орасида Токио етакчи

Бу йилги натижаларга кўра, мегаполислар тоифасида Токио биринчи ўринни эгаллади. Япония пойтахти қадимий меъморий ёдгорликлар, замонавий осмонўпар бинолар, ибодатхоналар ва дунёга машҳур Мишлен юлдузли ресторанлар уйғунлиги билан сайёҳларни мафтун этган. Шунингдек, Токио ҳозирда дунёдаги энг машҳур гастрономик йўналишлардан бири сифатида ҳам тан олинган.

Иккинчи поғонада ҳам Япония шаҳри — қадимий Киото жойлашди. Учинчи ўринни эса Жанубий Африка Республикасининг соҳилбўйи шаҳри Кейптаун эгаллади. Рейтингнинг кучли ўнталигидан Сингапур, Сеул, Париж, Ванкувер, Эдинбург, Монреал ва Камбоджанинг Пномпен шаҳарлари ҳам жой олди.

Кичик шаҳарлар ғолиби — Канаданинг Виктория шаҳри

Кичик сайёҳлик шаҳарлари рўйхатида эса Канада ғарбий соҳилида жойлашган Виктория биринчи ўринни қўлга киритди. Одатда Ванкуверга ташриф буюрган сайёҳлар бир кунни Виктория шаҳрига бағишлаб, табиат қўйнида сайр қилиш, спа-меҳмонхоналарда дам олиш ёки Сварс-Бэй кўрфазида паромда саёҳат қилишни афзал кўришади.

Иккинчи ўринни Тинч океани бўйида жойлашган Мексиканинг Пуэрто-Валярта шаҳри эгаллади. Учинчи поғонага эса санъат ва тарих ватани — Италиянинг Флоренция шаҳри жойлашди.

Бундан ташқари, Швейцариянинг Люцерни, Мексиканинг Сан-Мигел-де-Аленде шаҳри, Испаниянинг Сан-Себастян ва Палма-де-Малйорка, Ирландиянинг Голуэй, Мальтанинг Валлетта ҳамда Австралиянинг Ҳобарт шаҳарлари ҳам сайёҳларнинг севимли манзиллари сифатида илк ўнликка кирган.

Муттахассислар таъкидлашича, бу йилги рейтинг сайёҳлар дунё бўйлаб анъанавий маданият, тинчлик ва замонавийлик уйғунлигини излаётганини кўрсатмоқда. Токио ва Виктория эса айнан ана шу уйғунликнинг энг ёрқин рамзига айланди.