Араб давлатлари ва Исроил ўртасида яширин иттифоқ ошкор бўлди
Ғазо секторидаги урушни расман қоралаётган араб давлатлари охирги йилларда Исроил билан хавфсизлик соҳасида фаол ҳамкорлик қилиб келгани маълум бўлди. Бу ҳақда Америка нашри The Washington Post ўз манбалари ва қўлга киритилган махфий ҳужжатларга таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, Исроил ҳамда олти араб мамлакати — Баҳрайн, Миср, Иордания, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари АҚШ кўмагида “Минтақавий хавфсизлик тузилмаси” (Regional Security Construct) деб номланган янги тизимни ташкил этган. Кувайт ва Уммон эса келгусида қўшилиши мумкин бўлган ҳамкорлар сифатида кўрилган.
Ушбу тузилманинг асосий вазифаси — Яқин Шарқдаги разведка маълумотларини алмашиш, ракета ва дрон ҳужумларига қарши курашни мувофиқлаштириш, шунингдек, Эрон ва унга яқин гуруҳларга қарши умумий хавфсизлик стратегиясини шакллантириш бўлган. Ҳужжатларда Эрон ва унинг таъсиридаги ташкилотлар “ёвузлик ўқи” сифатида таърифлангани қайд этилган.
The Washington Post маълумотича, 2022–2025 йиллар давомида Исроил ва мазкур давлатлар АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) шафелигида Баҳрайн, Миср, Иордания ва Қатарда бир неча махфий учрашувлар ўтказган.
Ҳамкорлик доирасида иштирокчи давлатлар Эроннинг ракеталари ва дронларига қарши ягона мудофаа тизимини интеграция қилган. Саудия Арабистони бу жараёнда Исроилга ва бошқа қўшни давлатларга разведка маълумотларини тақдим этиб, асосий ролни бажарган.
2024 йилда тайёрланган ҳужжатда эса 2026 йилга қадар Яқин Шарқда ягона киберхавфсизлик маркази ташкил этиш режалаштирилгани ёзилган. Бу марказ нафақат маълумот алмашиш, балки киберҳимоя бўйича қўшма ўқув машғулотлар ўтказиш майдонига айланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил июнь ойида Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида араб давлатлари қўмондонлари Исроил армияси бош штаби раҳбари, генерал Ҳерци Ҳалеви билан учрашган эди.
Шу билан бирга, расман араб давлатлари Ғазодаги қонли тўқнашувларни қоралаб келаётганини айтишса-да, амалда Тел-Авив билан алоқаларни узмагани ҳақида бир қатор халқаро манбалар ёзган. Масалан, Axios нашри парда ортидаги мулоқот ва махфий ҳамкорлик ҳали ҳам давом этаётганини таъкидлаган.
Германиянинг Bild газетаси ҳам 2023 йил декабрда араб давлатлари жамоатчилик олдида Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилган бўлса-да, аслида уни ҲАМАСга қарши курашда қўллаб-қувватлаётгани ҳақида маълум қилган эди.
2023 йилнинг 11 ноябрида Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти йиғилишида Ғазодаги қурбонлар учун Исроилга қарши амалий чоралар кўриш ҳақидаги таклиф ҳам рад этилган.
Учрашувда айрим мусулмон давлатлар Исроилга босим ўтказиш мақсадида нефть эмбаргоси жорий этиш, дипломатик ва иқтисодий муносабатларни тўхтатиш, АҚШ ҳарбий базалари орқали қурол етказиб беришни чеклаш каби чораларни таклиф этган бўлса-да, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Иордания, Баҳрайн, Судан ва Жибути бундай ғояларни қўллаб-қувватламаган.
Шундай қилиб, расмий риторика тинчлик ҳақида бўлаётган бир пайтда, араб давлатлари ва Исроил ўртасидаги махфий хавфсизлик ҳамкорлиги минтақа сиёсий манзарасини тубдан ўзгартириши мумкин.