Равшан Ҳайдаров: “Қозоғистонни ютганимиз яхши, лекин ўйинда саволлар кўп”
Ўзбекистон U-20 терма жамоаси Қозоғистонга қарши ўртоқлик учрашувида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан кейин жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ўйин ва жамоанинг ҳозирги ҳолати ҳақида фикр билдирди.
«Бу ёшдаги футболчилар анчадан бери йиғилмаган эди. Таркибда кўпчиликка таниш ўйинчилар бор — улар аввалги U-20 жамоасида ҳам бўлишган. Бу йиғинни олимпия ёшидаги футболчиларга бағишладик. Асосий мақсад — жамоадаги эски боғламларни тиклаш ва ўйин услубини қайта шакллантириш эди», — деди Ҳайдаров.
Мураббийнинг айтишича, жамоа ғалаба қозонган бўлса-да, ўйинда таҳлил қилиниши лозим бўлган жиҳатлар кўп:
«Ҳа, ғалаба бор, лекин ўйинда ечимини топишимиз керак бўлган саволлар ҳам кам эмас. Захирадан тушадиган футболчи ўйинни кучайтириши шарт. Захирада ўтириш — ёмон дегани эмас, аксинча, бу жамоада фақат энг кучлилар йиғилганини англатади».
Ҳайдаров шогирдларига жамоавий руҳ ва рақобат муҳитини ҳис қилиш муҳимлигини таъкидлади:
«Ҳар бир футболчи 3 ёки 5 дақиқа майдонда бўлса ҳам, таъсир кўрсатиши керак. Биз ўйиндаги камчиликларни айнан Қозоғистон билан бўлган баҳс орқали кўриб олдик. Бу ўйин биз учун синов ва таҳлил учун яхши имконият бўлди».
Бош мураббий сўзларига кўра, жамоа кейинги ўйинларда фақат натижа эмас, балки ўйин сифатига ҳам эътибор қаратади. Терма жамоа учун бу йиғин — келгуси халқаро мусобақалар олдидан муҳим босқич ҳисобланади.