Пуллик йўлларда тезлик 150 км/соатгача оширилади
Ўзбекистонда автотранспорт тизимида янги босқич бошланмоқда — мамлакатдаги пуллик йўлларда ҳаракат тезлиги соатига 150 километргача оширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган муҳокама давомида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг бош юридик маслаҳатчиси Ҳасан Умаров маълум қилди.
Мутахассиснинг айтишича, ҳозирда мамлакатдаги умумий фойдаланишдаги йўлларда максимал тезлик меъёри соатига 90 км этиб белгиланган. Янги тизим жорий этилгандан сўнг, пуллик автомобиль йўлларида бу кўрсаткич 150 км/соатгача оширилади.
“Автомобиль йўллари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилингач, Йўл ҳаракати қоидаларига ҳам тегишли ўзгаришлар киритилади. Бироқ жарималар ва маъмурий чоралар тартиби ўзгаришсиз қолади — улар оддий йўллардаги каби амал қилади”, — деди Ҳасан Умаров.
Таъкидланишича, янги тезлик меъёри жорий этиладиган пуллик йўллар замонавий хавфсизлик стандартларига мос равишда қурилади. Йўллар енгил автомобиллар ва юк транспорти учун алоҳида йўлакларга ажратилади, бу эса хавфли қутиб ўтиш ҳолатларини кескин камайтиради.
Шунингдек, йўллар чорраҳалар ва светофорларсиз, узлуксиз ҳаракатни таъминловчи форматда лойиҳалаштирилади. Ҳар бир кесишув турли даражадаги кўприклар ва йўл ўтказгичлар орқали амалга оширилади, бу эса тирбандликларни камайтиради ҳамда транспорт оқимини барқарор қилади.
Мутахассислар фикрича, бу ўзгариш нафақат тезликни ошириш, балки вақт ва иқтисодий самарадорликни таъминлашга ҳам хизмат қилади. Ҳаракат хавфсизлиги учун замонавий назорат тизимлари ва радарлар ўрнатилиши режалаштирилган.
Янги тизим жорий этилгандан сўнг, Ўзбекистондаги пуллик йўллар нафақат ички транспорт оқимини, балки халқаро логистика йўналишларини ҳам жадаллаштириши кутилмоқда.