Кайл Уокер: «Милан»га кетиш – менинг энг эгоистик қарорим эди
Англиялик ҳимоячи Кайл Уокер ўтган мавсум «Манчестер Сити»дан «Милан»га вақтинча ижарага кетишини ўз карьерасидаги «энг эгоистик қадам» деб таърифлади. У Sky Sports’га берган суҳбатида ўша пайт клуб қийин аҳволда бўлгани, ўзи эса сардор сифатида жамоа билан қолиши кераклигини тан олди.
«Ўша пайтда мен сардор эдим. Демак, жамоа қийналган вақтда улар ёнида туришим шарт эди. Орқага қарасам, кетмаслигим керак бўлган. Ўша қароримда фақат ўзимни ўйладим — бу эгоистик қарор эди», — деди Уокер.
Маълумки, Уокер ўтган мавсум ўртасида ўйин амалиёти камайгани сабаб Италияга йўл олганди. Бироқ «Милан» сафида у ҳам натижалар, ҳам жароҳатлар туфайли ўзини тўлиқ намойиш эта олмади ва клуб ёзда уни доимий равишда сотиб олмасликка қарор қилди.
Ёзги трансферлар ойнасида эса Уокер Премьер-лиганинг янги жамоаси — «Бёрнли»га қўшилди. Унга кўра, асосий мақсад — янги клубига элита дивизионида қолиш учун бор кучини бериш.
Уокернинг бу очиқ эътирофи футболчи сифатида шахсий манфаат билан жамоа масъулияти ўртасидаги мувозанат нақадар муҳим эканини яна бир бор кўрсатди.