Дубай шаҳзодаси Ҳамдан лочин билан Навоий вилоятида ов уюштирди
Дубай амирлигининг меросхўр шаҳзодаси Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад Ол Мактум лочин овини амалга ошириш учун Ўзбекистонга келди. Маълумотларга кўра, шаҳзода бошқарувидаги Boeing 747 самолёти 11 октябрь куни Тошкент халқаро аэропортига қўнган.
Тез орада шаҳзода Instagram саҳифасида Навоий вилояти ҳудудидаги ов фотосуратларини эълон қилди. Унда лочинлар иштирокидаги ов манзаралари акс этган бўлиб, кадрлар мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотди.
Маълум қилинишича, Навоийдан тахминан 50 километр узоқликда Бирлашган Араб Амирликларига тегишли махсус тувалоқ етиштириш ва лочин ов маркази жойлашган. Ушбу маскан 2008 йил апрель ойида Дубай амири ва БАА вице-президенти Шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум ташаббуси билан ташкил этилган.
Шаҳзода Ҳамдан ҳар йили шу ерда анъанавий тарзда лочин овини ўтказади. Унинг бу сафарини ҳам анъанавий ов мавсумининг бошланиши билан боғлаш мумкин.
Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад Ол Мактум нафақат меросхўр шаҳзода, балки фаол ҳаёт тарзи билан ҳам маълум. 1982 йилда туғилган шаҳзода парашют спорти, сув ости шўнғиши, балиқ овлаш, сноубординг, велоспорт ва бошқа кўплаб экстрим турларига қизиқиши билан танилган. Шунингдек, у “Fazza” тахаллуси остида шеърлар ёзади.
Шаҳзоданинг бу сафарги ташрифи нафақат табиат қўйнидаги анъанавий ов мақсадига хизмат қилди, балки Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги маданий алоқаларнинг янада яқинлашувига ҳам рамзий аҳамият касб этди.