Эрлинг Ҳоланд: пенальтисиз ҳам Англияда тўпурарлик сари
«Манчестер Сити»нинг норвегиялик юлдузи Эрлинг Ҳоланд янги мавсумни ҳам жуда кучли бошлади. Форвард Англия Премьер-лигасининг илк 7 ўйинида 9 та гол уриб, яна тўпурарлик пойгасида етакчиликни қўлга олди.
Қизиғи, бу сафар Ҳоланднинг барча голлари пенальтисиз урилган — бу эса унинг натижасини янада таъсирли қилади.
Шу билан бирга, бу унинг энг яхши старти эмас. Масалан, 2022/23 йилги мавсумда у 7 ўйинда 11 та, ўтган мавсумда эса 10 та гол киритганди. Бироқ ҳозирги форма унинг самарадорлигининг янги босқичини кўрсатмоқда.
Экспертлар фикрича, Ҳоланднинг бундай кучли бошланишига икки асосий омил сабаб бўлган:
- биринчиси — у яратиб олаётган вазиятлар сони ва сифати;
- иккинчиси — рақобатчиларнинг суст формаси. Масалан, Салах, Сон ва Исаак каби ҳужумчилар мавсумни секин бошлаган.
Статистик таҳлиллар шундан далолат берадики, Ҳоланд бу мавсумда 29 та зарба йўллаган ва бу лигадаги энг юқори кўрсаткич. Энг муҳими, бу зарбаларнинг сифати ҳам юқори: ҳар бир зарбанинг ўртача xG кўрсаткичи 0,27 — яъни тарихий жиҳатдан 27 фоиз вазият гол билан якунланади. Бу ўтган мавсумдаги 0,17 кўрсаткичидан анча юқори.
Демак, Ҳоланд нафақат кўп зарба йўллаяпти, балки ҳар бир имкониятдан жуда самарали фойдаланмоқда. Шу боис, у одатдаги даражада ўйнаган тақдирда ҳам рақибларидан икки баробар кўп гол урган бўларди.
Европа бўйича «Олтин бутса» пойгасида эса рақобат анча жиддий. Ҳозирча «Бавария» ҳужумчиси Ҳарри Кейн 11 та, «Реал Мадрид» юлдузи Килиан Мбаппе эса 9 та гол билан етакчи сафида.
Бироқ пенальтисиз ҳам энг юқори xG кўрсаткичига эга бўлган Ҳоланд ҳозирча энг ишончли номзод сифатида кўрилмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, агар жароҳатлар тўсқинлик қилмаса, норвегиялик ҳужумчи бу мавсумда яна Англия Премьер-лигасининг энг яхши тўпурарига айланиши эҳтимоли катта.