Филиппинда икки зилзила 7 инсон ҳаётини олди
Филиппинда 10 октябрь куни содир бўлган 7,4 ва 6,7 магнитудали икки кучли зилзила оқибатида камида етти киши ҳалок бўлгани маълум қилинди.
Бу ҳақда Филиппин Табиий офатлар хавфини камайтириш ва бошқариш миллий кенгаши (NDRRMC) маълумот берди. Расмий ҳисоботга кўра, табиий офатдан 8436 нафар фуқаро жабр кўрган, шулардан 1265 киши хавфсиз жойларга эвакуация қилинган, яна 7915 киши уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Фуқаролик мудофааси агентлиги баёнотида таъкидланишича, зилзила оқибатида 7 киши ҳалок бўлган, яна 11 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган.
Кучли ер силкинишлари Минданао оролининг жанубий қирғоқ ҳудудларида қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрь куни ҳам мамлакатнинг Паломпон ғарбий соҳилида 6,9 магнитудали зилзила юз берган бўлиб, ўша фалокатда 70 дан зиёд инсон ҳалок бўлган эди.
Филиппин дунёдаги энг сейсмик фаол давлатлардан бири саналади. Мамлакат Тинч океанидаги “Олов ҳалқаси” минтақасида жойлашган бўлиб, у юқори даражадаги вулқон ва зилзила фаоллиги билан машҳур.