Телеграмдаги гиёҳванд тармоқ 8 йилдан сўнг фош бўлди
2017 йилдан бери фаолият юритган “Deadpool” номли телеграм наркодўкони фош қилинди.
Божхона ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигидаги тезкор тадбирлар натижасида мазкур наркодўконнинг асосий тарқатувчилари Андижон ва Тошкент вилоятларида қўлга олинди.
Хусусан, Қирғизистондан улоқтирилган 602 грамм “алфа-ПВП” моддасини қабул қилиб олаётган шахс ушланган. У 3 йилда 50 кг гиёҳванд модда тарқатганини тан олган.
Тошкент вилоятида эса 492 грамм “клефедрон” моддаси яширилган аккумулятор орқали етказилган, икки фуқаро ушланган. Улар ярим йилда 12,5 минг доза тарқатганини айтган.
Майда тарқатувчилар Тошкент шаҳар ва вилоятидаги истироҳат боғлари ва таълим муассасалари атрофини тарқатиш нуқтаси сифатида танлаган. Ҳозирда жиноят иши қўзғатилган.