ru24.pro
World News in Uzbek
Октябрь
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Оҳангаронда 1500 доллар олган юрисконсулт тезкор рейдда қўлга тушди

0

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган қўшма тезкор тадбир давомида Оҳангарон туман ҳокимлиги бош юрисконсулти қўлга олинди.

Маълумотларга кўра, мансабдор шахс “Эйвалек” МФЙда жойлашган, ҳокимлик балансида турадиган хонадонни ўзининг юқори лавозимдаги алоқалари орқали бошқа фуқаро номига ҳужжатлаб бериш эвазига 1 500 АҚШ доллари талаб қилган ва пулни олган пайтда моддий далиллар билан ушланди.

Эътиборлиси, бош юрисконсулт аввал ҳам бир неча бор судланганига қарамай, тегишли хулоса чиқармагани айтилмоқда.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди (ҳийлали йўл билан мулкка эгалик қилиш билан боғлиқ ҳолатлар) ва 28, 211-моддаси 1-қисми (пора олишга ҳамжиҳатлик аломатлари) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув-тергов ишлари олиб борилмоқда.

Расмийларга кўра, иш материалларига қўшимча далиллар бириктирилмоқда, жиноятнинг бошқа иштирокчилари бор-йўқлиги ҳам текширилмоқда. Қонунга мувофиқ, айб суд ҳукми билан исботлангунча ҳар бир шахс айбсиз ҳисобланади.

Тегишли идоралар ҳокимлик таркибидаги мулкни ноқонуний расмийлаштириш уринишларига нисбатан қатъий чоралар қўлланишини, фуқаролар эса шубҳали “посредник” таклифларига учмасликлари лозимлигини эслатди.