Лос-Анжелесдаги улкан ёнғин учун гумонланувчи қўлга олинди
АҚШ Адлия вазирлиги маълумотига кўра, Флорида штатида истиқомат қилувчи 29 ёшли Жонатан Риндеркнехт Лос-Анжелесда январ ойида рўй берган катта ёнғинни қасддан келтириб чиқарганликда гумонланиб қўлга олинди. Ҳибс чораси 8 октябр куни қўлланилди.
Тергов версиясида айтилишича, Uber ҳайдовчиси сифатида ишлаган Риндеркнехт 1 январ куни шаҳарнинг шимолидаги Пасифик-Палисайдс сайёҳлик йўлагида дарахтларга ўт қўйган. Аввалига олов майдони кичик бўлган, бироқ кучли шамол сабаб олов тез тарқалган.
Натижада ёнғин тахминан 93 квадрат километр ҳудудни қамраб олди. Оқибатлар жуда оғир: Тинч океани бўйи, Малибу атрофи ва Санта-Моника тоғлари зарар кўрди, 12 киши ҳалок бўлди, 6,800 дан ортиқ иншоот вайрон бўлди.
Ҳозир қўшимча текширувлар олиб борилмоқда. Риндеркнехтга нисбатан айбловлар судда кўриб чиқилади, у гуноҳи исботланмагунча айбсиз ҳисобланади. Қутқарув хизматлари эса ҳудудда ёнғин хавфи юқори бўлган мавсумда аҳолини эътиборли бўлишга чақирмоқда.