Каннаваро: "Мундиалга тайёргарликни янги босқичга биргаликда кўтарамиз"
Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Миллий футбол марказида янги бош мураббий Фабио Каннаваро, ёрдамчи мураббий Тимур Кападзе ва ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Янги устоз дастлабки сўзидаёқ ишонч учун миннатдорлик билдирди ва режаси йўлни бошқатдан қура бошлаш эмас, балки мавжуд тизимни ривожлантириб, янги босқичга олиб чиқишдан иборат эканини қайд этди.
— Келганингиз учун раҳмат. Бундай имконият мен учун катта шараф. Ассоциация охирги икки йилда кўпгина ёш футболчиларни етиштирди — Ўзбекистонни танлашимда шу омил муҳим бўлди. Барчасини тубдан ўзгартириш ниятим йўқ, мавжуд йўлни давом эттириб, кучайтирмоқчиман. Мотивациям баланд, футболчиларни имкон қадар тезроқ майдонга бошлаб тушишни истайман. Ўзбекистонда кўп бўламан — ҳатто велосипедимни ҳам олиб келганман, — деди Каннаваро.
Кападзе эса терма жамоа манфаати ҳамма нарсадан устун эканини таъкидлади:
— ЎФА раҳбариятига миннатдорлик билдираман. Тўрт йилда яхши натижаларга эришдик. Қўлимиздан келганча ёрдам берамиз. Терма жамоада ким ишлашига қарамасдан энг устувор қадрият. Олдимизда Жаҳон чемпионати — барчамиз термани қўллаб-қувватлаймиз, — деди у.
Кападзенинг айтишича, ҳозирча йиғин давомида штабга ёрдам беради, кейин эса вазиятга кўра қарор қилинади: Каннаваро маҳаллий футболни тўлиқ ўрганиб олгунча у жамоа билан бирга бўлади.
Уругвайга қарши бўлажак ўртоқлик баҳси ҳақида сўз юритар экан, Каннаваро Европа клублари ва термаларига эмас, умумий даражани кўтаришга эътибор қаратиш кераклигини билдирди:
— Ҳозир футбол фақат Европада эмас. Осиёда кўп ишладим, бу минтақанинг ўсишини яхши биламан. Осиё федерациялари, айниқса, ёшлар футболига жиддий инвестиция қилмоқда. Италияга қарши ўйналса, муносиб қаршилик кўрсата оламиз, — деди у.
Каннаварога кўра, миллий жамоа аллақачон рақобатбардош, аммо яхшиланадиган йўналишлар ҳам бор:
— Энг муҳим жиҳат — интенсивлик. Осиё ва Европанинг фарқи шунда. Бутун ўйин давомида юқори темпни ушлаб туриш лозим — шундагина ғалаба имконияти ошади. Жисмоний тайёргарликни чуқур назорат қиламиз. Барча жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийлар билан учрашиб, тўлиқ маълумотни оламиз. Ким Жаҳон чемпионатида бўлмаган бўлса, билиб қўйсинки, у ердаги суръат шунчаки даҳшатли, — дея огоҳлантирди мутахассис.
Матбуот анжумани якунида Каннаваро саволларга очиқ экани, Кападзе эса яқин ойларда жамоага бевосита кўмак бериши маълум қилинди. Энди эса барча баҳолар майдонда — мақсад аниқ: Мундиалга мардона тайёргарлик ва муносиб иштирок.