АҚШда шатдаун иқтисодиётга миллиардлаб доллар зарар келтириши мумкин
Вашингтон маъмуриятининг ҳисоб-китобларига кўра, федерал ҳукуматнинг қисман ёпилиши (шатдаун) мамлакат ялпи ички маҳсулотига ҳафтасига камида 15 миллиард доллар зарар келтириши эҳтимол қилинмоқда.
Оқ уй тайёрлаган ва республикачи қонунчиларга тақдим этилиши режалаштирилган ҳужжатларда ушбу рақамлар қайд этилган. Маълумотга кўра, “Президент Дональд Трампнинг иқтисодий маслаҳатчилари узоқ давом этадиган ёпилиш жиддий иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкин” деб огоҳлантирган.
Ҳисобларга кўра, агар шатдаун бир ой мобайнида сақланса, ишсизлар сони 43 мингга ошиши мумкин. Шунингдек, тахминан 1,9 миллион федерал хизматчи вақтинча ишдан четлатилиши ёки маошсиз ишга жалб қилиниши кутилмоқда.
Шу билан бирга, бир ойлик ёпилиш натижасида истеъмол харажатлари 30 миллиард долларгача қисқариши мумкинлиги ҳам айтилган.
Маълумки, 1 октябрь куни ярим тунда АҚШ федерал ҳукумати маблағ етишмаслиги сабаб қисман ёпилди. Бунга Конгрессдаги Республикачилар ва Демократлар соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа харажат моддалари бўйича келиша олмагани сабаб бўлди. Томонлар бир-бирини шатдаунни сунъий равишда келтириб чиқариш ва уни сиёсий мақсадларда узайтиришда айбламоқда.