ҲАМАС: икки гаровдаги билан алоқа узилди
ҲАМАС ҳаракати Исроил ҳаво зарбалари натижасида гаровдаги икки шахс билан боғланиш имконияти йўқолганини билдирди. Улар ҳаводан амалга оширилаётган ҳужумларни камида бир кунга тўхтатишни талаб қилмоқда.
AFP ва Reuters тарқатган маълумотларга кўра, Фаластин гуруҳининг ҳарбий қаноти — «Иззад-Дин ал-Қассам» бригадаси 28 сентябр, якшанба куни билдиришича, ЦАҲАЛ сўнгги икки кун давомида Ғазо шаҳрининг Сабра ва Тал ал-Ҳава туманларига уюштирган амалиётлардан кейин 2023 йил 7 октябрда гаровга олинган икки исроиллик — Матан Ангрест ва Омри Миран билан алоқа узилган.
Reuters қайд этишича, ҲАМАС Исроилдан «гаровдаги шахсларни хавфли ҳудуддан олиб чиқиш» мақсадида маҳаллий вақт билан соат 18:00 дан бошлаб 24 соатгача ҳаво ҳужумларини тўхтатишни талаб этган.
AFP эслатганидек, ҲАМАС аввал ҳам Исроил ва АҚШ фуқаролигига эга гаровдаги билан боғланиш узилганини айтганди, бироқ бир неча кундан кейин у шахс озод қилинган.