ru24.pro
World News in Uzbek
Февраль
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22
23
24
25
26
27
28

Қайси қоидабузарликлар учун жарима балли ҳисобланади?

0
20 феврал куни йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарима баллари 12 баллдан ошган ҳайдовчилар камида 6 ой муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Бунда 14 турдаги йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун ҳайдовчига нисбатан асосий жазо билан бирга жарима баллари ҳисоблаб борилади. Булар қуйидаги ҳуқуқбузарликлар:
  • МЖтК 125-моддаси учинчи қисми – ҳайдовчиларнинг тормоз тизимида, руль бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини бошқариши;
  • 125-модда бешинчи қисми – фойдаланиш белгиланган тартибда ман этилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш;
  • 126-модда – кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш;
  • 127-модда биринчи қисми – товуш сигналини сабабсиз бериш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек уларни ўзгартириб ўрнатиш;
  • 128-модда – ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги;
  • 128-3-модда – транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши;
  • 128-4-модда иккинчи қисми – транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши;
  • 128-5-модда – транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши;
  • 128-6-модда – транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши;
  • 128-8-модда – транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузиш (янги модда);
  • 128-9-модда – транспорт воситаларини қувиб ўтиш қоидаларини бузиш (янги модда);
  • 129-модда – транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини келтириб чиқарувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши;
  • 130-модда – транспорт воситалари ҳайдовчиларининг темирйўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузиши;
  • 137-модда биринчи қисми – йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши.

Бунда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима баллининг энг юқори миқдори 2 баллдан ошмаслиги керак.

Жарима баллари белгиланган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади. Ушбу жарима балларининг ҳар бири бир йилдан сўнг автоматлаштирилган тарзда ечиб борилади.

Қайси қоидабузарлик учун қанча балл ҳисобланиши Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгиланади. Масалан, светофорнинг қизил чироғида ўтганда 2 балл берилиши мумкин. Баллар 12 ой давомида жами 12 баллдан ошса, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Суд тартибида бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмайди.

Нима учун автомобилларда дрифт қилиш, “шахмат” усулида агрессив ҳаракатланиш, маст ҳолда машина бошқариш каби ҳуқуқбузарликлар учун балл киритилмаган, деган ўринли савол пайдо бўлиши мумкин. Бунинг сабаби, МЖтКга қўшилаётган 128-10-моддага асосан, йўлдаги бундай безорилик биринчи марта содир қилинганидаёқ ҳайдовчи 1 йилдан 2 йилгача муддатга гувоҳномасидан маҳрум бўлади. Бунинг учун 12 балл “йиғиш”га ҳожат йўқ.

Бундан ташқари, Сенатдаги қонун муҳокамаларида бир машинани ишончнома асосида бир неча киши бошқариши, бунда жарима баллари кимга нисбатан ҳисобланиши кўтарилган эди.

МЖтК 17–1-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, радарлар орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилганда жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори ёки ундан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида фойдаланган шахс тортилади. Яъни ишончнома асосида автомобилни бошқараётган ёки суғурта полисига киритилган яқин қариндошлар автомобилда қоидабузарлик қилса, транспорт воситасини бошқарган шахсга нисбатан жарима баллари тўпланади.

Жарима баллари тизими амалда қачондан бошлаб ишга тушиши ҳукумат қарори чиққанидан кейин аниқ бўлади.