ru24.pro
World News in Uzbek
Февраль
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22
23
24
25
26
27
28

Ҳусанов билан дўстлашган “Реал” юлдузига қайси клублар харидор?

0
Туркия футболининг энг истеъдодли тарбияланувчиларидан Арда Гюлер “Реал”га катта умидлар билан келган эди. “Фенербаҳче” тарбияланувчиси бўлган бу футболчини мадридликлар 2023 йилнинг ёзида 20 миллион евро эвазига трансфер қилган.

Гюлер истеъдодини ҳар қанча намойиш қилмасин “Қироллик клуби”да асосий таркибдан мунтазам жой ола билмади. Италиялик бош мураббий Карло Анчелотти тажрибали ўйинчиларга суянишни маъқул кўрмоқда. Шу боис, нафақат Арда Гюлер, балки Бразилиядан олиб келинган Эндрик ҳам етарли ўйин амалиётига эга бўлмаяпти.

65 ёшли бош мураббий Карло Анчелотти ёшларга ҳам имкон бериш ҳақида клуб илтимосларини эътиборсиз қолдирди.

Куни кеча Европа Чемпионлар лигаси доирасида Мадридда бўлиб ўтган учрашув доирасида Арда Гюлер ўзбек футболчиси Абдуқодир Ҳусанов билан қучоқлашиб кўришгани дўстона муносабат сифатида кўплаб ўзбекистонлик мухлисларнинг эътиборини қозонди.

“Сантьяго Бернабеу”даги баҳсда легионеримиз тўлиқ ўйнаган бўлса, турк йигити майдонга тушмади.

Энди бир неча манбаларнинг таъкидлашича, Арда Гюлер фаолиятида жиддий ўзгариш бўлиши мумкин. Жаҳон футболида юқори мавқега эга уч клуб 19 ёшли футболчини ўз сафига қўшиб олишга тайёрлигини билдирди.

“Ливерпуль”:
Жорий мавсум Англия Премьер-лигаси ғолиблигига асосий даъвогар бўлган ливерпулликлар таркибни кучайтиришни мақсад қилган. Аслида “Ливерпуль” Арда Гюлерни у “Фенербаҳче”да ўйнаб юрган кезлари қўлга киритишга уриниб кўрганди. Бироқ бу борада “Реал” усталик қилиб, истеъдодли футболчини илиб кетди.

Арне Слот ҳам турк футболчиси ёрдамида майдон марказини мустаҳкамлаш ғоясини қўллаб-қувватламоқда. Қолаверса, ёзда бу жамоада ҳам жиддий ўзгаришлар бўлади ва таркибни ёшартириш ишлари амалга оширилади. Бу борада Арда Гюлер энг муносиб номзод.

“Бавария”:
“Бавария” Гюлер атрофидаги вазиятни синчковлик билан кузатиб боряпти. Мюнхенликлар мўлжаллаётган вариант “Қироллик клуби”га кўпроқ маъқул келса керак. “Бавария” туркиялик юлдузни ижарага олиб ўйнатмоқчи.

Бу клуб тажрибасида кузатилган вариант. Илгари улар мадридликлардан машҳур ҳужумчи Хамес Родригес ва ҳимоячи Альваро Одриосолани ижарага олиб ўйнатган эди. Бу усул “Реал”га истеъдодли ўйинчини клуб ихтиёрида ушлаб туриш имконини бериши билан аҳамиятли.

“Манчестер Юнайтед”:
“Манчестер Юнайтед” бош мураббийи Рубен Аморим жамоани қайта шакллантирмоқда. Бу жараёнда Арда Гюлер сингари кўп қиррали ўйинчиларга доим иш топилади. Манчестерликлар футболчини олиш учун катта харажатга тайёр.

Бироқ бу трансферни амалга ошириш осон бўлмайди. Чунки манчестерликлар келаси мавсум Европа Чемпионлар лигасида ўйнамаса, Гюлер унинг таклифини катта эҳтимол билан рад этиши айтилмоқда.

Трансферлар бўйича мутахассисларнинг таъкидлашича, “Реал” Арда Гюлер бўйича режасини қайта кўриб чиқиши керак. Ўйинчининг салоҳияти ва маҳоратига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бироқ ўсиш остонасида турган футболчига етарли даражада ўйин амалиёти берилмаслиги уни бошқа клубга ўтиш истагини тобора кучайтириб боради. Демак, келаси ёз Арда Гюлер учун муҳим аҳамият касб этадиган кўринади.