ru24.pro
World News in Uzbek
Февраль
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28

Умра зиёратчилари сони бўйича ўзбекистонликлар нечани ўринни эгаллади?

0
2024 йилда қарийб 461,5 минг нафар ўзбекистонлик Умра амалларини адо этди. Шу тариқа Ўзбекистон Саудия Арабистонига борувчи зиёратчилар сони бўйича дунё миқёсида 10-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди.

Мазкур кўрсаткич 2023 йил билан солиштирганда, 10 фоизга камайган бўлса-да, Ўзбекистон умрачилар сонига кўра Марказий Осиёда биринчи ўринни банд этди. Таҳлилларга қараганда, ўзбекистонлик умрачилар сони мамлакатда яшовчи мусулмонларнинг 1,4 фоизини ташкил этмоқда.

«Юқоридаги рақамлар ўзбек халқининг Икки муқаддас масжид билан қанчалик чуқур боғлиқлигини акс эттиради. Бу ўз навбатида подшоҳлик ҳукумати томонидан Умранинг узлуксиз ва тўлиқлигини таъминлаш йўлида хизматлар, енгилликларнинг тўла-тўкис тизимини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни кўрсатиб беради», дейилади элчихона хабарномасида.

Қайд этилишича, «Раҳмон меҳмонлари», яъни зиёратчиарга юқори даражадаги хизматлар кўрсатилиши борасида подшоҳлик ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўз мажбуриятларидан келиб чиқиб, ширкатлар белгиланишига устувор масала сифатида қарамоқда.

Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазирлиги ўз ишларини Ўзбекистондаги ваколатли томонлар билан мувофиқлаштирган ҳолда амалга оширади. Бунда Умра ширкатлари зиёратчиларга муносиб тарзда яшаш жойлари ва нақлиёт воситалари каби хизматларни кўрсатиши қатъий назорат қилиб борилади.

Умрачилар сафарини енгиллаштириш учун подшоҳлик технологик тараққиёт доирасида рақамлаштиш борасида бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Уларнинг энг муҳими «Нусук» платформаси бўлиб, у умрачиларга осонлик билан ўз сафарларини аввалдан ташкиллаштириш имконини беради. Бу жараён визалар олишдан тортиб нақлиёт ва яшаш жойларига буюртма бериш, ҳатто маносикларни адо этиш вақтларини белгилашга қадар қамраб олади. Шу тариқа ибодатларни узлуксиз ва енгиллик билан адо этиш кафолатланади.

Бундан ташқари, «Ҳарамайн» тезюрар поезди Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара орасидаги масофани тез босиб ўтиш, омонлик ва роҳатда Умра маносикларини адо этиш ва Пайғамбаримиз масжидларини зиёрат қилиш имкониятини яратди.

Ҳаж ва Умра маносикларини адо этишга талаб ошиб бораётгани учун Икки муқаддас масжид ҳудудларини кенгайтиришга қаратилган улкан лойиҳалар амалга оширилди. Шу доирада тавоф ва саъй қилинадиган ҳудудлар яхшиланди. Инфраструктура, шифохоналар ва саломатлик марказлари каби ёрдамчи хизматлар ривожлантирилди.

Саудиянинг «Нигоҳ–2030» стратегиясида ҳам Икки муқаддас масжидда қулай шарт-шароитларни такомиллаштишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, экологияни асрайдиган сув ва тикланадиган энергия тизимлари, сунъий ақл технологиялари асосида зиёратчиларнинг катта гуруҳлари тўпланишини бошқариш ва қатор тилларда (улар орасида ўзбек тили ҳам бор) кўрсатмаларни етказиш тизими ишга туширилди.