ru24.pro
World News in Uzbek
Февраль
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28

Ўзбекистонда китоб ўқиган маҳкумнинг жазо муддати қисқартирилиши мумкин

0
Фото: Қонунчилик палатаси
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида маҳкумларни ахлоқан тузатиш ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, қонунчиликка хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, маҳкумларнинг қонунга итоаткор хулқ-атворини, инсонга, жамиятга, меҳнатга, жамият турмуши қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини рағбатлантиришга қаратилган нормаларни киритиш зарурати юзага келмоқда.

Ушбу лойиҳа билан Жиноят кодексига китоб ўқишга жалб қилиш орқали маҳкумларни ахлоқан тузатиш бўйича янги 74–1-модда киритилмоқда. Унга кўра, фақат жазо муддатини тўлиқ ўташи лозим бўлган маҳкумларга нисбатан тасдиқланган рўйхат бўйича 1 та китоб ўқиган ва белгиланган тартибда имтиҳон топширган тақдирда жазосини 3 кунга қисқартириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 73, 74-моддалари асосида эса жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш масаласини ҳал этиш вақтида инобатга олиниши белгиланяпти.

Бундан ташқари, ўзини ўзи тарбиялаш йўли билан тузалиш йўлига ўтганлигини тасдиқловчи ҳаракатларни бажариши муносабати билан жазо муддатини қисқартиришни процессуал тартиблари ҳамда зарур бўлган адабиётлар билан таъминлашни белгилаш бўйича Жиноят-протсессуал кодекси 536–1-моддаси, Жиноят-ижроия кодекси 80–1-моддаси билан тўлдириш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистондаги 49 та жазони ижро этиш муассасаларининг барчасида кутубхоналар мавжуд бўлиб, уларда 230 мингдан ортиқ китоб, жумладан, 44,7 мингдан ортиқ хорижий китоблар, Брайл алифбосида ёзилган 209 та китоб тўпланган.

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Баҳодир Маматхонов ЎзАга берган интервюсида айтишича, бунда йилига кўпи билан 10 та китоб ўқиш мумкинлиги белгиланяпти. Маҳкумлар ўқийдиган адабиётлар рўйхати Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тасдиқланади. Бу каби чоралар маҳкумларнинг ахлоқан тузалиш йўлига ўтишига хизмат қилиши таъкидланган.