ru24.pro
World News in Uzbek
Февраль
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28

Трамп ҲАМАСга «жаҳаннам билан» таҳдид қилди. Нима гап ўзи?

0
АҚШ президенти Доналд Трамп ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАС манзилига таҳдидий баёнотлар берди. Хусусан, Трамп унинг гапига кирмаса, ҳамасчиларни «ҳақиқий жаҳаннам кутишини» айтди. Нетаняҳу эса ЦАҲАЛ урушни тиклаб, ҲАМАСни буткул йўқ қилмай қўймаслиги ҳақида гапирди.

Барчаси ҲАМАСнинг сулҳ шартларини бажаришни бир муддат тўхтатишини эълон қилишидан бошланди. Душанба куни ҳаракат исроиллик асирларни озод қилишнинг навбатдаги босқичини номаълум муддатга қолдиришини маълум қилди. Сабаб сифатида Исроил келишувни бузгани келтирилди. ҲАМАСга кўра, Исроил ғазоликлар шаҳар шимолига кўчишига қаршилик қилган, турли ҳудудларда уларга қарата ўқ узилган. Шунингдек, бўлгага ҳуманитар ёрдам юклари киришига тўсқинлик қилган.

«Шу боис 15 феврал, шанба кунига белгиланган асирларни озод қилиш жараёни кейинги эълон берилган муддатгача қолдирилади», дейилади ҳаракат баёнотида.

ҲАМАС навбатдаги баёнотида музокара учун эшиклар очиқлигини айтиб, воситачиларни фаол бўлишга чақирди. Кўп ўтмай Исроил ташқи ишлар вазири Исраел Кац ҳолатга муносабат билдириб, ҲАМАСнинг баёноти сулҳ келишувининг бузилиши эканини айтди. Шунингдек, вазир ЦАҲАЛга Ғазодаги урушнинг ҳар қандай сценарийсига тайёр туриш бўйича кўрсатма берганини таъкидлади. «7 октябр такрорланишига йўл қўймаймиз», деди дипломат Кац.

Чиндан ҲАМАСнинг баёнотидан кейин Исроил мудофаа армияси ЦАҲАЛ тўлиқ жанговар ҳолатга келтирилди.

Трамп нима деди?

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳолатга муносабат билдираркан, ҲАМАС шанба куни тушгача асирларни қўйиб юбормаса, ўт очишни тўхтатиш режими тўлиқ бекор бўлиши керак деб ҳисоблашини айтди. «Бу менинг гапим, Исроил ҳукуматидагилар бундай ҳисобламаслиги мумкин», деб қўшимча қилди Трамп.

«Агар асирлар қайтарилмаса, ҳақиқий жаҳаннам бошланади. ҲАМАС мен нимани назарда тутаётганимни яхши тушунади», деди Трамп ҳаракат манзилига қаратилган таҳдидли баёнотида.

ҲАМАС Трампнинг таҳдидига тезда жавоб қайтарди. «Трамп орада икки томон амал қилиши керак бўлган келишув борлигини, асирларни қайтаришнинг ягона йўли унга амал қилиш эканини эсдан чиқармаслиги керак. Таҳдид билан ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди, у фақат вазиятни ёмонлаштириши мумкин», деди Reuters билан суҳбатда ҳаракатнинг юқори мартабали мулозими Сами Абу Зуҳри.

Нетаняҳу ҲАМАСга ултиматум қўйди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАСга шанба куни тушгача муддат берди. Унинг сўзларига кўра, белгиланган вақтгача келишилган асирлар озод қилинмаса, ЦАҲАЛ Ғазода яна интенсив ҳужумларни тиклайди.

«ЦАҲАЛга Ғазо ичида ва атрофида қўшинларни тўлиқ тайёр ҳолатга келтиришни буюрдим. Операция яқин соатлар ичида якунланади», деди Нетаняҳу.

Ана шунақа гаплар. Яхшигина давом этаётган ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув йўққа чиқиши мумкин. Бунга сулҳни бекор қилишга арзимайдиган омиллар сабаб қилинаётганига қараганда кимдир уруш қайталанишини истаётган кўринади.

Демак, шанба куни тушгача исроиллик навбатдаги асирлар гуруҳи ортга қайтмаса, Исроил Ғазони бомбардимон қилишни яна давом эттиради. Бундан эса табиийки, қишда кўчада қолган миллионлаб ғазоликлар жабр кўради. Афтидан, ҳозир ҳеч қандай ҳимоясиз, уй-жойсиз, совуқда ҳатто кўрпа-тўшаксиз қолган, бутун хонумонидан айрилган ғазоликлар ҳаёти урушни тугата оладиган одамларни умуман қизиқтирмаяпти…

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.