ru24.pro
World News in Uzbek
Февраль
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28

Интернетда тошкентликларни сўккан қизга 10 сутка қамоқ жазоси берилди

0
Тошкентликларни ҳақорат қилган қиз маъмурий жазога тортилди. Kun.uz суд қарори билан танишди.

Суд қарорида келтирилишича, 2000 йилда туғилган Н.Х. “ISFT” институтининг 3-босқич талабаси бўлган. 2025 йил 4 феврал куни Instagram ва Telegram ижтимоий тармоқларида унинг Тошкент шаҳри аҳолисини турли хил уятли сўзлар билан ҳақорат қилгани акс этган видеолавҳалар тарқалган.

Ҳолати юзасидан ИИБ биносига келиши сўралганида Н.Х. бундан бош тортиб, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармаган. Шу сабабли унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган.

Н.Х. судда айбига иқрорлик билдирган ҳамда 4 маротаба наркоз олганлиги, шунинг учун тез жаҳли чиқиб кетишини маълум қилган.

“Тарқалган видеони аслида бир ой олдин Instagram саҳифамга жойлаштирганман ҳамда 5 минутдан сўнг ўчириб ташлаганман. Менинг саҳифам ёпиқ аккаунт, танишларимдан бошқа бегона шахслар кузата олмайди.

Воқеа содир бўлган куни институтга бориш мақсадида такси чақирдим. Такси ҳайдовчиси йўлда мендан асли қаердан эканлигимни сўради. У менга “Сенлар молсан, сенлар келганингдан буён Тошкентда доим тирбандлик бўлмоқда, қиз бола бўлганлигинг учун сенга йўлкирани арзонроқ айтяпман” деди. Шу гапдан сўнг жаҳлим чиқди ва саҳифамга ўша видеони жойлаштирдим. Бу видео Тошкент шаҳридаги айрим такси ҳайдовчиларига тегишли эди. Айрим блогерлар видеонинг фақат ҳақоратли қисмларини кесиб олиб тарқатишди”, деган талаба қиз ўз кўрсатувида.

Шунингдек, Н.Х. қилган ишидан пушаймонлигини ва бу каби ҳолатлар бошқа такрорланмаслигини айтиб, суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2025 йил 10 февралдаги қарори билан Н.Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Н.Х.га МЖтКнинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик иш ўз тасдиғини топмагани учун тугатилган.