ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2025

Абдуқодир Ҳусановни яна бир нуфузли мусобақада дебют ўйин кутмоқда!

0
Янги йилда “Манчестер Сити”га кўчиб ўтган Абдуқодир Ҳусанов фақат Ўзбекистон эмас, балки бошқа мамлакатлардаги футбол ишқибозларининг ҳам диққат марказида турибди.

20 ёшли ҳимоячимиз Англиянинг амалдаги чемпиони сафига қўшилганидан атиги беш кун ўтиб, дунёдаги энг мураккаб мусобақалардан бири – Англия Премьер-лигасида дебют ўтказишга муваффақ бўлди.

Гарчи у “Манчестер Сити” сафига қўшилиб, илк учрашувини “Челси”га қарши ўтказган ва ўйин бошида бир неча бор хатога йўл қўйган бўлса-да, бу ҳолат мутахассислар, мураббийлар ва футболчилар томонидан табиий деб баҳоланди.

Абдуқодирни бош мураббий Хосеп Гвардиола, жамоанинг юлдузлари – Эрлинг Холанд, Мануэль Аканжи, Йошко Гвардиол ҳамда кўплаб футбол мутахассислари қўллаб-қувватлади. Ҳатто, бошқа давлатларнинг футбол жамоатчилиги ҳам унинг иштирокига қизиқиш билдирди.

Энди Ҳусанов яна бир нуфузли мусобақа – Европа Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқичида майдонга тушиши мумкин.

“Манчестер Сити” футболчилари умумий босқичнинг сўнгги учрашувида Бельгиянинг “Брюгге” жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу ғалаба “шаҳарликлар”га нимчорак финал йўлланмаси учун ўтиш ўйинида қатнашиш имконини берди.

“Манчестер Сити” янги форматда ўтказилаётган Европа Чемпионлар лигасининг умумий босқичини 22-ўринда якунлаганини инобатга олиб, мутахассислар плей-оффнинг ўтиш ўйинида “Реал” ёки “Бавария”га тўқнаш келишини маълум қилишди.

Демак, Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити” ўйинчиси сифатида Европа чемпионлар лигасидаги дебютини ҳам кутиб қоламиз.

Таъкидлаш жоизки, Абдуқодир Ҳусанов УЕФА томонидан ўтказилаётган энг нуфузли мусобақаларда дебютини нишонлаб бўлган. У “Ланс”да ўйнаган бир ярим йил давомида Чемпионлар лигаси, Европа Лигаси ва Конференциялар лигаси доирасида ўтказилган беллашувларда майдонга тушган эди.