ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30
31

Телебошловчи Нилуфар Сотиболдиевани ҳақоратлаган шахс жиноий жавобгарликка тортилди

0
Телебошловчи Нилуфар Сотиболдиевани ҳақорат қилган шахсга ҳукм ўқилди. Жиноий иш ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судида судя Баҳром Бердиев раислигида кўриб чиқилди.

Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, 1987 йилда туғилган, Навоий вилоятида яшовчи фуқаро А.Ж. 2024 йил 30 июн куни Instagram орқали Нилуфар Сотиболдиевани ҳақоратлаган. Мазкур шахс 2024 йил август ойида фирибгарлик жиноятида айбланиб, қамоққа олинган. Шу сабабли суд жазони ижро этиш колониясидан видеоконференц-алоқа режими орқали ўтказилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар
Маълум бўлишича, Нилуфар Сотиболдиева 2024 йил март ойида Таиландга қилган саёҳати чоғида қизи билан биргаликда рақсга тушиб, уни ўзининг Instagram’даги саҳифасига жойлаштирган. Сухандонга нотаниш бўлган “azimsherdjurayev” номли аккаунт эгаси эса шу пост остига ҳақоратли изоҳлар ёзиб қолдирган. Шундан сўнг у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилган.

А.Ж. судда айбига тўлиқ иқрор бўлган.

“Қиз фарзандли бўлишни доимо ният қилганман. Ушбу бошловчи ўзининг қизи билан тарбиясиз хатти-ҳаракатлар қилаётганини кўриб, жаҳлим чиқиб кетди. Шу сабабли, унинг видеолавҳасига изоҳ ёздим. Бир ҳафта ўтиб менга номсиз аккаунт орқали бир шахс хабар ёзди ва “нима учун мени ҳақоратладинг?” дея сўради. Ушбу номаълум шахс Нилуфар Сотиболдиева эканини билиб, унга ёш боланинг тарбиясига таъсир қиладиган қилиқ қилганинг учун сени сўкдим, деб жавоб бердим”, деган у ўз кўрсатмасида.

Эркак қилмишидан пушаймон эканини айтиб, жабрланувчидан кечирим сўрашини билдирган.

Нилуфар Сотиболдиева судланувчи билан ярашмаслигини, бу қолганларга дарс бўлишини маълум қилган ҳамда суддан А.Ж.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Шунингдек, у маънавий зарар сифатида 100 млн сўм талаб қилган.

Суд ҳукми билан А.Ж. Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Унга иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.