ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28
29
30
31

Трампнинг қайси таклифи Исроил расмийларига ёқиб тушди?

0
Нетаняҳу Трампга бомбалар учун миннатдорлик билдирди.
Фото: AP

Дональд Трамп АҚШ президенти сифатида лавозимга киришганидан бир ҳафта ўтмай, Исроил манфаатларини шартларсиз ҳимоя қилувчи бир неча фармон қабул қилди, сиёсий баёнотлар берди. Трамп бу билан Исроил раҳбариятининг олқиш ва миннатдорлигига сазовор бўлди.

Аввал хабар берганимиздек, куни кеча Трамп Ғазо секторини «тозалаш» мақсадида анклавнинг 1,5 миллион аҳолисини Миср ва Иордания каби давлатларга кўчириш кераклигини айтган эди. Трамп бу борада Иордания қироли Абдуллоҳ II билан гаплашгани, тез орада Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан ҳам суҳбатлашишини маълум қилган.

Вашингтон маъмурияти Трампнинг ушбу зиддиятли баёноти борасида изоҳ берганича йўқ. Аммо бу баёнот моҳият эътиборига кўра Исроил расмийлари илгари сураётган Ғазо сектори аҳолисини бошқа ҳудудларга кўчириш ва кейинроқ у ерда яҳудий келгиндиларини жойлаштириш ғоясига ҳамоҳанг янграмоқда. Буни Тель-Авив расмийларининг муносабати ҳам тасдиқлайди.

Исроил молия вазири Бецалель Смотрич Трампнинг ғазоликларга янги ҳаёт учун бошқа жой топиш таклифини «зўр ғоя» деб атаган.

«Кўп йиллар мобайнида сиёсатчилар ерни бўлиш ва Фаластин давлатини тузиш каби амалга ошириб бўлмас ечимларни таклиф қилиб келдилар. Фақат ноанъанавий тафаккур ва янги ечимларгина тинчлик ва барқарорлик омили бўла олади», – дея БМТ тан олган икки давлат тамойилини яна бир карра рад этган Бецалель Смотрич.

У ҳукумат ва бош вазир билан бу ғояни зудлик билан амалга ошириш учун режа ишлаб чиқишини ҳам қайд этган.

Молия вазири Б.Смотрич бир йил аввал ҳам фаластинликларни Ғазони тарк этишга чақирган, фаластинликлар Ғазони бўшатса, яҳудийлар уни гуллатиб юборишини иддао қилган эди.

Фаластин аҳлига нисбатан радикал муносабати билан отнинг қашқасидек танилган Смотричга кўра, Ғазода 100-200 минг чоғли арабни қолдириб, икки миллион аҳолини кўчириш керак.

2023 йил октябрь ойида Буюк Британиянинг «The Guardian» газетасида чоп этилган мақолада Тель-Авив маъмурияти урушдан фойдаланиб, Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисини мажбурий равишда Мисрнинг Синай ярим оролига кўчириш ва шу орқали ҳудудни босиб олишни кўзлаётгани ҳақидаги тахмин илгари сурилган эди.

Фаластиннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавад Муҳаммад Авад ҳам айни шу хавотирли режа ҳақида гапирганди.

«Исроилнинг ҳозирги ҳаракатлари бирор гуруҳ, хусусан, ҲАМАСга қарши шунчаки кураш эмас. Балки бу Фаластин халқига қарши урушдир. Бундан кўзланган мақсад эса Ғазо секторида қолган фаластинликларни Синай саҳросига сиқиб чиқаришдир. Моҳият эътиборига кўра, сионистларнинг «Ерсиз халқ учун халқсиз ер» деган машҳур шиори амалга оширилмоқда. Улар Фаластиннинг ушбу қисми ва Ғазо сектори бутунлай тозаланиши керак деб ҳисоблайди», – деган эди доктор Жавад Муҳаммад Авад.

Ўшанда ҲАМАС Исроил молия вазирининг икки миллион фаластинликни кўчириш ҳақидаги таклифини ҳарбий жиноят ва агрессия деб баҳолаган эди. Мазкур ҳаракат Трампнинг бу галги баёнотига ҳам «қабул қилиб бўлмас таклиф» деб эътироз билдирган.

Таҳлилчилар бу иккинчи Нақба (1948 йилда юз минглаб фаластинлик ватанидан кўчирилгани «Нақба», яъни «Фожиа» деб аталади) бўлишидан огоҳлантирмоқда.

Дарвоқе, Миср ва Иордания расмийлари Трампнинг Ғазо аҳолисини қабул қилишга доир таклифига рўйхушлик бермаган.

Трамп куни кеча Исроилга ҳаво бомбалари етказиб беришни тиклашни буюрган. Президент Жо Байден тинч аҳолига қарши қўлланиши эҳтимоли сабаб Исроилга 2000 фунтлик бомба етказишни вақтинча тўхтатганди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўша куннинг ўзида «умумий душманларга қарши кураш»даги кўмак учун Оқ уйнинг янги хўжайинига миннатдорлик билдирган.

20 январдан президент сифатида лавозимга киришган Трамп Байден томонидан жорий этилган Ғарбий Соҳилда зўравонлик ҳаракатларини содир этаётган яҳудий келгиндиларига нисбатан санкцияни ҳам бекор қилган.