ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27
28
29
30
31

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қандай қонун ҳужжатлари қабул қилинди?

0
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинган қатор ҳужжатлар Олий Мажлис Сенатига юборилди, дея хабар берди қуйи палата матбуот хизмати.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда сув ресурсларини бошқариш, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатлар 10 га яқин қонун ҳужжатлари, шу жумладан, Ўзбекистон Конституцияси, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлари, шунингдек 20 тадан ортиқ қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Ушбу ҳужжатлар сув муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишга асос солган бўлса-да, соҳадаги муносабатларни изчил ва тизимли ҳал этадиган, сув қонунчилигининг ягона мувофиқлаштирилган тизимини шакллантиришни етарли даражада таъминлай олмади. Шундан келиб чиқиб, сув ва сувдан фойдаланиш соҳасида ягона ҳуқуқий ҳужжат яратиш мақсадида ишлаб чиқилган Сув кодекси лойиҳасида бир қатор муҳим нормалар ўз аксини топмоқда”, — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Айтилишича, кодексда белгиланаётган нормалар сувдан оқилона фойдаланиш, самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга, сув етказиб берувчилар ва сув истеъмолчиларининг масъулияти оширишга, сувдан фойдаланишда рухсатнома олиш тартиби соддалаштирилишига хизмат қилади.

Кодекс лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:
  • сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида масъул органларнинг ваколатлари, вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш;
  • сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш;
  • сувдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш шартларини соддалаштириш;
  • сувни истеъмолчилар орасида тақсимлашнинг янги механизмлари жорий этиш;
  • сув ресурсларини бошқариш, улардан фойдаланиш ва муҳофаза қилишга доир комплекс ҳамда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • сув тежовчи технологияларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш;
  • сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари.

Депутатларнинг фикрича, кодекс лойиҳасининг қабул қилиниши сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, технологик модернизация қилишни рағбатлантиришга хизмат қилади. Мажлисда айрим нормаларни маромига етказиш учун Кодекс лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди”, — дейилган хабарда.

Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат

Дпутатлар “Ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервида ойлик йиғинларни ўтаётган шахсларнинг моддий жавобгарлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишди.

Айтилишича, ушбу қонун лойиҳаси билан амалдаги “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонун билан белгиланган ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлигига оид нормаларга ойдинлик киритилиб, мазкур масала юзасидан яхлит қонун ҳужжатини қабул қилиш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасида қуйидаги нормалар аниқлаштирилмоқда:
  • ҳарбий хизматчиларни моддий жавобгарликка тортиш асослари;
  • ҳарбий хизматчиларнинг чекланган ёки тўлиқ моддий жавобгарлиги масалалари;
  • етказилган зарар миқдорини аниқлаш тартиб-таомиллари;
  • етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби каби муҳим нормалар.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳарбий хизматчиларнинг хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга, ҳарбий интизомнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди”, — дея қайд этилган хабарда.

Қурилиш майдонларида атмосфера ҳавоси талабларини бузганлик учун жавобгарлик

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, қурилиш ва урбанизация кўламларининг кенгайиши, қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилиши ҳолларининг ортиши атмосфера ҳавоси сифатининг ёмонлашувига олиб келмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаганлик учун жавобгарликни белгиловчи қўшимчалар ва ўзгартириш киритилмоқда.

Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан қатор йиғилишлар, семинарлар ўтказилгани, уларда депутатлар, сиёсий партиялар фракциялари томонидан берилган таклифлар чуқур таҳлил қилингани ва уларнинг аксарияти лойиҳа матнида акс эттирилиб, у маромига етказилгани қайд этилди.

Депутатларнинг айтишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг ўз ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлашга, тартибсиз равишда ташланадиган чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф қилишга хизмат қилади. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди”, — дейилади хабарда.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш

Мажлисда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Айтилишича, ҳозирда жамиятда оилавий (маиший) зўравонлик жиноятидан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, шу жумладан уларнинг хавфсизлиги ва муносиб шароитларда яшаш ҳуқуқини таъминлаш зарурати юзага келмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Уй-жой кодексининг 32-моддаси турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низоларни кўриб чиқилаётганда суд тарафларнинг келишувига асосан мулкдорнинг ташаббусига кўра, уй-жойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни мутаносиб шароитга эга бўлган бошқа турар жойга киритиши ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорга юклаши мумкинлиги бўйича норма киритилмоқда”, — дейилган хабарда.

Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши уй-жой низоларини кўриб чиқишда мулкдорнинг манфаатларини инобатга олиш билан бирга, хотин-қизларга яшаш учун қулай шароит яратиш ҳамда оила ва хотин-қизлар бошқаруви тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Электрон сигареталар ва улар учун суюқликларнинг муомаласи

Мажлисда айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасида никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан электрон сигареталар ва улар учун суюқликларнинг муомаласи (ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, олиб чиқиш) тақиқланмоқда. Бундан ташқари, айланмаси тақиқланган чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан электрон сигареталарни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда”, — дейилган хабарда.

Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини янада ҳимоя қилиш, миллат генофондини сақлаш, атроф-муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилади. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш

Депутатлар аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилган қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.

Таъкидланишича, бугунги кунда суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурати мавжуд.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекларига аҳолига суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этишнинг ҳуқуқий асосларини яратишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қуйидагиларга хизмат қилади:
  • аҳолининг суд мажлисларида қатнашиш учун суд биноларига келишлари билан боғлиқ оворагарчиликларининг олдини олишга;
  • тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини оширишга;
  • ортиқча сарф-харажатларини тежалишини таъминлашга.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Миллий гвардия фаолияти янада такомиллаштирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Конституциявий ва маъмурий ислоҳотлар талаблари, миллий ва хорижий тажриба таҳлили ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари Миллий гвардиянинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Миллий қонунчилик ва жамоатчилик фикридан келиб чиқиб “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги қонун “фуқаро билан мулоқотга кирган ҳарбий хизматчи (ходим) зиммасига ўзини таништириш, фуқарога унинг ҳуқуқини тушунтириш шартлиги ҳақида”ги янги мажбурият билан тўлдирилмоқда. Бу мажбурият Миллий гвардия ходимларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар талабларига риоя этиш билан бирга, аҳолининг ушбу давлат органига бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келгусида Миллий гвардия таркибий ва ҳудудий бўлинмаларининг замонавий талабларга жавоб берадиган, халқчил ва профессионал қиёфасини шакллантиришга хизмат қилади. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди”, — дейилган хабарда.

Автомобиль йўларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашдаги ўзбошимчаликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида транспорт соҳасида давлат назоратини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, бугун кунда транспортда юк ва йўловчи ташишларга бўлган талабни қондириш, йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, автомобиль транспортида ташиш учун белгиланган меъёрдан ортиқ юк ортилишини олдини олиш ва транспорт соҳасида давлат назоратини таъминлаш зарурати юзага келмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси қуйидагилар учун жавобгарлик белгиланмоқда:
  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга темир йўл транспорти ва метрополитенда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш;
  • ҳайдовчиларининг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилувчи носоз қурилмадан (тахографдан) фойдаланиш, ҳайдовчининг меҳнат ва дам олиш режимини бузиш;
  • автомобиль транспортида йўловчиларни мунтазам йўналишларда ташиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномасиз йўловчи ташиш;
  • белгиланган йўл ҳақи тарифларини ошириш;
  • мунтазам йўналиш бўйича тасдиқланган қатнов жадвалига амал қилмаслик;
  • белгиланган ҳаракат ҳамда юк билан ёки юксиз ҳолдаги габарит ўлчамлари, шунингдек, умумий ҳақиқий вазни, ўққа тушувчи оғирлиги белгиланган нормалардан оширган ҳолда йўлга ва рухсатномада кўрсатилган ҳаракат йўналишидан четга чиқиш.

Қонун лойиҳаси билан “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ҳамда “Транспорт тўғрисида”ги қонунларга Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси ташкил этилгани сабабли, соҳадаги давлат назорати юклатилган вазифалар ва ташкилотнинг номланиши билан боғлиқ ўзгартиришлар ҳам киритиляпти.

Депутатларнинг айтишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши транспорт соҳасидаги хизматлар сифатини ошириш, йўловчилар учун мунтазам йўналишларда мақбул нархларда ташиш жараёнларини олиб бориш, автомобиль йўларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъминлаш жараёнларидаги ўзбошимчиликларни олдини олиш, йўловчи ва юк ташиш хизматларида хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси обдон муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир қатор ваколатлар берилмоқда. Яъни, тузни ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлашда ишлатиладиган йод препаратлари таркиби, уларга қўйиладиган талаблар, тузни ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш, тузни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотишга қўйиладиган санитария-гигиена талабларини белгилайди.

Шунингдек, йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, ишлаб чиқарилиши, сақланиши, олиб кирилиши ҳамда реализация қилиниши назоратини олиб боради.

Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолини эндемик буқоқ касаллигининг олдини олиш мақсадида профилактик тадбир тўлақонли амалга оширилади, ахолининг эхтиёжи учун зарур бўлган сифатли ва хавфсиз бўлган ош тузи билан таъминоти тўлиқ қопланади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Ер ости сувларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилишга қаратилган қонуни лойиҳаси ҳам муҳокама этилди.

Айтилишича, cўнгги йилларда аҳолини ер ости сувлари ҳисобига ичимлик суви билан таъминлаш 67 фоизга етган. Ичимлик сувига бўлган эҳтиёжнинг ортаётганлиги, ер ости сувларининг асосан ерларни суғориш ва бошқа мақсадларда олиниши натижасида ер ости сувлари сатҳининг кўп йиллик ўртача сатҳдан пасайиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шунингдек, соҳага оид рухсат берувчи тартиб-тамойиллар соддалаштирилган ва шаффофлаштирилган бўлишига қарамасдан, ер ости сувларига қудуқларнинг рухсатсиз бурғиланиши ва сувдан назоратсиз, ҳисобсиз фойдаланиш ҳолатлари йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилишни янада кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома бериш тартиби ўрнига ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолияти учун рухсатнома бериш тартибини киритиш кўзда тутилмоқда. Шундан келиб чиқиб, 2 та кодекс ва 2 та қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда”, — дейилади матбуот хабарида.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Ҳарбий ҳисобни юритиш тизими рақамлаштирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Қайд этилишича, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан 73 турдаги маълумотнома ва ҳужжатлар тақдим этилиши талаби бекор қилиниб, давлат органлари томонидан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда ушбу маълумотларни олиш тизими жорий этилди.

Шу билан бирга, бугунги кунда аҳолига қулай ва осон шаклда давлат хизматларини кўрсатиш кўламини кенгайтириш, фуқароларнинг сарсон бўлишининг олдини олиш, ҳарбий ҳисобни юритиш тартибини янада соддалаштириш зарурати юзага келмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунга қуйидаги ўзгартиришлар киритилмоқда:
  • ҳарбий ҳисоб ишларини янада такомиллаштириш;
  • ҳарбий хизматга мажбурларни ҳарбий рўйхатга қўйиш ва ундан чиқариш тизимини рақамлаштириш;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳарбий рўйхатда турган шахслар тўғрисидаги маълумотларни Мудофаа вазирлигига ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тақдим этиш тартибини жорий этиш.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.