Англия: «Сити» «Челси»ни қувиб ўтди, «Ноттингҳем»да даҳшатли туш
0
АПЛ 23-туридан ўрин олган бир қанча учрашувлар бўлиб ўтди. "Манчестер Сити" - "Челси" баҳсида "шаҳарликлар" 3:1 ҳисобида зафар қучди. «Манчестер Сити» – «Челси» 3:1 Голлар: 0:1 – 3 Мадуэке, 1:1 – 42 Гвардиол, 2:1 – 68 Ҳоланд, 3:1 – 87 Фоден. «Манчестер Сити» – Эдерсон, Гвардиол, Аканжи, Абдуқодир Ҳусанов (Стоунз, 54), Матеуш Нунеш, Гундўған, Ковачич, Бернарду Силва, Фоден, Мармуш (де Брюйне, 74), Ҳоланд. «Челси» – Санчес, Кукуреля, Колуилл, Чалоба, Жеймс (Гюсто, 73), Фернандес, Кайседо, Санчо (Нету, 73), Палмер, Мадуэке, Жексон (Нкунку, 61). Огоҳлантиришлар: Ҳусанов (4), Колуилл (25), Кайседо (58), Бернарду Силва (79), Ковачич (83). Чоршанба куни «ПСЖ» «Сити» устидан иродали ғалабага эришганди, энди эса Гвардиола жамоаси «Челси» билан ўйинда ирода кўрсатиши талаб этилди. Амалдаги чемпионлар таркибида икки дебютант дебют қилди — Ҳусанов ва Мармуш. Рубен Диаш жароҳатлангани ва Стоунзнинг формаси яхши эмаслиги туфайли ўзбекистонлик ҳимоячи жамоага келганидан бир неча кун ўтибоқ муҳим ўйинда майдонга ташланди. Ўйин Ҳусановнинг қўпол хатоси билан бошланди. Ўзбекистонлик ҳимоячи тўпни бош билан дарвозабонга етказиб беришни хоҳлаганди, аммо тўғри зарба бера олмади. Натижада тўпга эга чиққан Жексон уни бўш дарвоза қаршисига чиқиб борган Мадуэкега етказиб берди ва ҳисоб очилди. Ҳаяжонини босиб ололмаган Ҳусанов навбатдаги вазиятда ҳам хатога йўл қўйди. Икки дақиқа ўтиб жарима майдони яқинида Палмерга қарши подкати учун сариқ карточка олди. Тўққизинчи дақиқада эса Ҳусанов туфайли иккинчи гол урилиши ҳам мумкин эди — ҳимоячи офсайд чизиғини ушлай олмади ва Палмер дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетишига йўл қўйди. Лекин «Челси» етакчиси зарба бериш ўрнига пас узатди, ҳужум тезлиги йўқолди, Санчонинг якуний зарбасини эса Ҳусанов тўсиб ўз айбини ювди. Шундан кейин жамоадошлари уни қўллаб-қувватлаш учун орқага қайтиб ҳаракатлана бошлади, бу борада айниқса Бернарду, Гундўған, Ковачич ва Фоденни эътироф этиш мумкин. Мухлислар эса шунчаки дарвозабонга пас узатганида ҳам уни олқишлаб, далда беришди. Биринчи бўлимнинг қолган вақтида «Челси»нинг ҳужумдаги ишлари юришмади. Колвилл 25-дақиқадаёқ вақтни чўзгани учун огоҳлантирилди, «Сити» эса босим уюштириб, яхши вазиятлар яратди. Меҳмонлар ҳимоя чизиғини анча олдинга жойлаштирилгани туфайли ҳимоячилар ортига узатмалар етказиб берила бошланди. Мармуш 35 дақиқа ичида уч марта офсайдга тушиб қолгани ҳам лондонликлар ҳимоясида қанчалик бўш зоналар қолдирганини кўрсатади. Гвардиол икки бор қулай вазиятдан фойдалана олмади (жумладан, яккама-якка вазиятдан ҳам). Учинчи имкониятидан эса фойдаланди. Биринчи бўлим охирида Мадуэке офсайд чизиғини ушлай олмади. Натижада Нунес амалда дарвозабон билан яккама-якка вазиятга эга бўлди — «Челси» дарвозабони унинг зарбасини қайтарди, аммо қайтган тўпга Гвардиола етиб келди. Гвардиола Ҳусановни жазоламаслик учун уни танаффусдаёқ алмаштириб юбормади ва унга яна бироз ўйнашга имкон берди, у ўзига тақдим этилган вақтда ўз услубида Жексонни зарарсизлантириб, тўпни олиб қўйди, аммо мураббий иккинчи сариқ карточка хавфи туфайли 54-дақиқада унинг ўрнига Стоунзни туширди. Мареска ҳам бунга жавобан алмаштириш амалга оширди — Жексон ўрнига декабр ўрталаридан буён гол урмаган Нкункуни туширди. Умуман олганда, «Сити» майдонда кучлироқ кўринди — Мармушда дебютини гол билан нишонлаш учун етарлича имкониятлар бўлди, аммо ғалаба голи «Сити»нинг бошқа бир футболчиси томонидан урилди. Ҳоланд 68-дақиқадаги эпизодда тўп билан ажойиб муомила қилди, аммо бу ўринда асосий эътибор дарвозабонларга бўлди. Эдерсон бир узатма билан меҳмонларнинг бутун прессингини йўққа чиқарди. Санчес тўпга чиқиш учун олдинга юрди, кейин эса орқага чекинди ва аросатда қолиб кетди ва зарбага қарши ҳеч нарса қила олмади. Ўйиннинг асосий вақти тугаётганида эса «Сити» амалда ўйин тақдирини ҳал қилди. Бу сафар ҳам мезбонлар «Челси» ҳимоячилари олдинроқда жойлашганидан фойдаланди. Ҳоланд тўпни ташлаб берди, Фоден яккама-якка вазиятда аниқ зарба берди — 3:1. Шу тариқа, «Сити» кучли тўртликка қайтди, «Челси» эса тур якунларига кўра олтинчи поғонага пастлади. Ўйиндан кейинги интервюсида Пепдан Ҳусанов ҳақида сўрашди. Бош мураббий у кучли рақибларга қарши баҳс олдидан бор йўғи битта машғулот ўтказгани эслатиб, «ҳар қандай ўйинчи хатога йўл қўйиши мумкинлиги, бундай вазиятлар унга яхши сабоқ бўлиши, у ҳали ёш ва албатта ўрганиши»ни айтиб ўтди. «Ливерпул» – «Ипсвич» 4:1 Голлар: 1:0 – 11 Собослаи, 2:0 – 35 Салоҳ, 3:0 – 44 Гакпо, 4:0 – 66 Гакпо, 4:1 – 90 Гривз. «Ливерпул» – Алиссон, Робертсон, ван Дейк, Конате, Александер-Арнолд, Мак Аллистер (Дэннс, 80), Гравенберҳ (Эндо, 68), Собослаи (Эллиот, 68), Гакпо (Нунес, 68), Салоҳ, Диас (Киеза, 86). «Ипсвич» – Уолтон, Дэвис (Таунсенд, 46), Гривз, О`Ши, Туанзебе, Филлипс, Морси, Филоджин-Байдейс (Броудҳед, 79), Ҳатчинсон (Энсисо, 79), Бернс (Жонсон, 29), Делап (Ҳёрст, 79). Ўтган турда Хосеп Гвардиола йирик ғалабадан (6:0) кейин ҳам «Ипсвич»ни мақтаб, «тракторчилар» клуби бу мавсумда «Челси»ни енгани ва «МЮ» билан дуранг ўйнаганини эслатганди. Чиндан ҳам шундай натижалар бўлганди, аммо футболда айнан ҳозир қандай формада бўлиш муҳим. «Ипсвич» эса «Манчестер Сити» ортидан «Энфилд»да ҳам йирик ҳисобда мағлубиятга учради, меҳмонлар Собослаи 11-дақиқадаёқ жарима майдони ташқарисидан тўпни дарвоза устуни ёнига йўллашига қаршилик кўрсата олишмади. Бўлим охирида эса Гакпонинг саъй-ҳаракатлари билан ҳисоб йирик кўринишга келтирилди. Танаффусдан кейин яна бир бор ўз номини таблога ёздириб қўйган ҳужумчи — ўйиннинг асосий қаҳрамонига айланди. У дубл ва бир голли узатма муаллифи бўлди. Аммо барча доимгидек Салоҳ ҳақида гапирмоқда, у Гакпонинг олис устунга узатмасидан кейин тўпни ўткир бурчакдан туриб тўрга аниқ йўллади. Мисрлик ҳужумчи голлари сонини 176 тага етказиб, Тиерри Анрини ортда қолдирган ҳолда АПЛ тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида еттинчи ўринга кўтарилди. Унинг кейинги мўлжали — 184 голга эга Серхио Агуэрони қувиб ўтиш. Салоҳнинг ҳозирги формасидан келиб чиқилса, у аргентиналик собиқ футболчини шу мавсумнинг ўзида ортда қолдириши керак, «Ливерпул» эса мавсум чемпионлиги учун навбатдаги қадамни ташлади. Иккинчи ўрин билан фарқ — олти очколигича қолди, қолаверса, мерсисайдликларда «Эвертон»га қарши кечадиган захира ўйини ҳам бор. «Вулверҳэмптон» – «Арсенал» 0:1 Гол: 0:1 – 74 Калафиори. «Вулверҳэмптон» – Жозе Са, Агбаду, Буэно, Доэрти (Гедеш, 87), Матеус Куня, Сарабия (Беллгард, 75), Аит-Нури (Гомеш, 87), Гомес, Андре (Дойл, 87), Семеду, Ларсен (Хван Хи Чхан, 32). «Арсенал» – Райя, Габриэл, Салиба, Люис-Скелли, Тимбер, Райс, Парти, Нванери (Калафиори, 46), Троссард, Ҳавертц, Мартинелли (Тирни, 87). Четлатишлар: Да Силва 70 – Майлз 43 Микел Артета бошланғич таркиб танлаш билан АПЛда чорак асрдан буён кузатилмаган ишга қўл урди. Аниқ қилиб айтганда — 18 ёшгача бўлган икки инглиз футболчисини илк дақиқалардан майдонга туширди. Аммо 17 ёшли Нванеридан фарқли ўлароқ, 18 ёшли Люис-Скелли бу сафар ишончни оқлай олмади ва биринчи бўлим охирида қизил карточка олиб, жамоасини қийин аҳволга солиб қўйди. 43-дақиқада «Арсенал» бурчак зарбасини ижро этди, тўп жарима майдони ичидан қайтиб чиққанида Троссар уни эгаллай олмади ва рақиб қарши ҳужумга чиқиб кета бошлади, Люис-Скелли эса тактиф фол билан Доэртини тўхтатди, ўйин бош ҳаками Майкл Оливер ёш футболчига дарҳол қизил карточка кўрсатди. Бу ҳолатни сўнгги умид фоли деб ҳисоблаб бўлмасди, орқароқда лондонликлар футболчиси бор эди ва қоидага кўра бундай вазият учун сариқ карточка кўрсатилади. Вазиятга VAR аралашмади, кейинроқ видеоҳакамлар арбитрнинг қарори тўғри бўлгани, футболчи рақибига бутсасининг остки қисми билан зарба бергани учун қизил кўрсатганини маълум қилди. Ҳолбуки кадрларда зарба бундай берилмаганини кўриш мумкин. «Арсенал» учун бу жорий мавсумдаги тўртинчи қизил карточка бўлди – бу АПЛнинг жорий мавсуми учун рекорд натижа. Майкл Оливер эса фаолияти давомида «канонирлар» футболчиларига саккизинчи бор қизил карточка кўрсатган, бу унинг шахсий рекорди. «Арсенал» футболчиларига бу мавсумдаги тўрт қизил карточкадан иккитасини Оливер, яна иккитасини шу куни VAR’да ишлаган Крис Кавана кўрсатган. Лондонликлар бир киши кам бўлиб қолганига қарамай, ташаббусга эгалик қилишда давом этди, иккинчи бўлимда «Вулверҳэмптон» дарвозабони Жозе Са Ҳаверцнинг яқин масофадан бош билан йўллаган зарбасини оёқларида қайтариб қолди. 70-дақиқада эса Жоао Гомес Тимбернинг оёғига бутсасининг остки қисми билан зарба берди ва иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этди. Жамоалар сон жиҳатдан тенглашганидан тўрт дақиқа ўтиб Калафиори ғалаба голини урди. Кейинги турда «канонирлар»ни «Манчестер Сити»га қарши жанг кутмоқда. «Борнмут» – «Ноттингҳем Форест» 5:0 Голлар: 1:0 – 9 Клюйверт, 2:0 – 55 Уаттара, 3:0 – 61 Уаттара, 4:0 – 87 Уаттара, 5:0 – 90+1 Семенйо. «Борнмут» – Аррисабалага, Керкез, Ҳейсен, Забарний, Кук, Адамс, Кристи, Семенйо, Клюйверт (Жеббисон, 88), Брукс (Таверне, 80), Уаттара (Силкотт-Дьюберри, 90+2). «Ноттингҳем Форест» – Зелс, Уилямс (Морено, 67), Мурилло, Миленкович, Айна (Соса, 79), Андерсон, Йейтс (Домингес, 46), Эланга, Гиббс-Уайт (Авонийи, 79), Силва (Морато, 66), Вуд. «Ноттингҳем» АПЛнинг жорий мавсумидаги ўйинларида биринчи бўлиб ҳисобни очишга одатланган (18 марта) ва бу ўйинларда ютқазмаган. Аммо кучли ўйин кўрсатаётган «Борнмут» майдонида «ўрмончилар» сценарийси иш бермади ва Клюйверт навбатдаги муваффақиятли зарбаси билан «гилослар» жамоасини олдинга бошлади. Лекин бу ҳали бошланиши эди, охирги саккиз тур мобайнида мағлубият нималигини билмаган (+7=1) Нуну Эшпириту Санту шогирдлари иккинчи бўлимда пароканда бўлиб кетди, Уаттара меҳмонлар ҳимоячилари учун даҳшатли тушга айланиб, ҳет-трик амалга оширди. Кетма-кет икки ўйинда турнир жадвалининг юқори ўринларидаги жамоаларни йирик ҳисобда таслим этган Энди Ираола шогирдлари ўзи учун рекорд даражадаги 11 ўйиндан иборатсиз мағлубиятсиз серия билан мақтаниши мумкин. Турнир жадвалида еттинчи ўринга кўтарилиб олган жамоа кейинги турда «Ливерпул»ни қабул қилади. «Саутҳемптон» – «Нюкасл» 1:3 Голлар: 1:0 – 10 Беднарек, 1:1 – 26, пеналти Исак, 1:2 – 30 Исак, 1:3 – 51 Тонали. «Саутҳемптон» – Маккарти, Ҳарвуд-Беллис, Беднарек, Бри (Фрэйзер, 88), Фернандеш, Мэннинг (Сугавара, 60), Арибо (Лаллана, 89), Угочукву (Смоллбоун, 79), Уокер-Питерс, Армстронг (Арчер, 60), Онуачу. «Нюкасл» – Дубравка, Ҳолл, Берн, Шер, Ливраменто, Жоэлинтон, Тонали, Бруно Гимараэс (Майли, 79), Гордон (Алмирон, 88), Мерфи (Лонгстафф, 90+2), Исак (Уиллок, 80). Ўтган турда «Нюкасл» «Борнмут»га йирик ҳисобда ютқазиб (1:4), саккиз учрашувдан иборат ғалабали сериясини тўхтатганди. Аутсайдерга қарши навбатдаги ўйин ҳам «қарғалар» учун кутилмаган тезкор гол ўтказиш билан бошланди. Аммо Эдди Ҳау жамоаси биринчи бўлимнинг ўзидаёқ вазиятни ўз томонига оғдирди, ўтган ўйинда саккиз ўйинлик голли сериясини давом эттира олмаган Исак аввалига пеналтидан ҳисобни тенглаштирди, иккинчисини ўйиндан урди. Энди Исакнинг АПЛдаги голлари сони 48 тага етди ва у АПЛдаги энг сермаҳсул швециялик бўлган «Арсенал» афсонаси Фредди Юнгбергга етиб олди. «Нюкасл» эса топ-4 учун курашда «Челси» ва «Сити» билан рақобатлашишда давом этмоқда. Манба: Kun.uz