ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26
27
28
29
30
31

Гренландия "кимники?": Дания, АҚШ ёки мустақиллик...

0
Доналд Трамп қайта президентликка келаркан, Гренландияни мажбуран сотиб олмоқчи. Дания бунга рози бўлмаса, иқтисодий ва ҳарбий босим ўтказишини айтган. Копенгагендаги расмийлар буни Трампнинг масхарабозлиги сифатида қабул қилгандек ўзини тутса-да, ичкарида қўрқув бошланган. Гренландия эсa на Дания, на АҚШ таркибида бўлишни истамай, мустақиллик референдуми ҳақида ўйламоқда.

Доналд Трамп қайта сайланар экан, инаугурациягача ҳам, қасамёддан кейин ҳам такрорлаётган гапларидан бири – Гренландияни сотиб олиш. Сиёсатчи Даниянинг автоном ҳудуди ҳисобланган Гренландия халқаро хавфсизликни таъминлаш учун Америкага кераклигини айтади. Трамп 20 январ санасида Оқ уйдаги биринчи кунидаёқ овал кабинетдан туриб имзолаган фармонларидан бири айни шу мавзуда. Президент Даниянинг розилигини узоқ сўраш ниятида эмас, Гренландияни олиш учун иқтисодий ва ҳарбий кучлар ишга солинади.

The Economist нашри автоном ҳудудни сотиб олиш ғоясини “аср келишуви” деб атаган ҳолда ўрганиб чиқди. Аҳолиси 56 минг кишини ташкил этувчи Гренландиянинг ялпи ички маҳсулоти 3 млрд долларни ташкил этади. Бу АҚШ учун жуда кичкина иқтисодий кўрсаткич. Бироқ ҳудуднинг салоҳияти ростанам юқори. Орол замонавий технологиялар ва яшил энергетика учун зарур нодир қазилма металлар ва бошқа қимматли минераллар захираларига эга. Бундан ташқари, Гренландия қирғоқлари яқинида 52 млрд баррель нефть бўлиши мумкинлиги ҳам тахмин қилинмоқда. Айни шу омил оролнинг стратегик аҳамиятини янада оширади.

Оролнинг жойлашуви ҳам муҳим. АҚШ ва Россия ўртасидаги ҳудудда жойлашган Гренландия Американинг мудофаа қобилиятини кучайтиради.

Дания расмийлари ҳам жим тургани йўқ. Аввало ташқи ишлар вазири Ларс Расмуссен бу масалага Копенгаген жиддий қараётганини айтди. Бош вазир Мет Фредериксен Дания телевидениесида чиқиш қиларкан, Трампнинг керак бўлса, ҳарбий куч ҳам ишлатиш режасига муносабатини билдирди, ҳарбийларни бунга аралаштиришни тасаввур ҳам қилолмайман деди. АҚШ президентининг юқори бож тўловлари билан таҳдидига жавобан эса Дания саноат бош директори савдо урушидан икки томон ҳам манфаатдор эмаслигини таъкидлади. Бир қараганда Копенгаген бу гапларни худди Трампнинг масхарабозлиги каби қабул қилгандек кўринади, лекин сиёсатчилар даврасида ва ҳукумат ичкарисида қўрқув бор.

Январ ойидаги маъюс об-ҳаво Дания сиёсатчилари ва бизнес эгаларининг кайфиятини акс эттиради. Парда ортида шоша-пиша тадбирлар, югур-югурлар бошланган, деб ёзади BBC. Бундан кўринадики, Трамп жиддий гапирмоқда. Гренландия бош вазири Мют Эжид Дания бош вазири ва қироли билан гаплашиш учун Копенгагенга учиб борган. Сиёсатчилар, партия раҳбарлари парламентда навбатдан ташқари йиғилиш ўтказишган. Бош вазир Фредериксен элитадаги қўрқувни сездирмаслик учун Америка доим Гренландия ва Арктика билан банд бўлганини гапирган, Вашингтон Копенгагеннинг асосий ҳамкорларидан экани, Гренландиянинг келажагини эса фақат гренландияликлар белгилашини таъкидлаган.

Трампнинг гаплари ортидан Дания барибир зарар кўриши тайин. Масалан, АҚШ сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий воситаларни ишга солса, балки Копенгаген оролни сотишга мажбур бўлар. Иккинчи томондан, таҳлил шуни кўрсатадики, Дания Гренландия ички ишларига шундоғам жиддий аралаша олмаяпти. Бош вазирнинг гаплари буни исботлайди. Гренландия раҳбари эса мустамлакачилик кишанларидан ҳудуд қутулиши кераклигини гапирмоқда. Гап мустақиллик референдуми ҳақида бормоқда, чунки орол на Дания, на АҚШни хоҳламайди. Бироқ референдум катта муаммоларга йўл очади. Чунки Гренландия иқтисодиёти 60% Данияга боғланиб қолган.

ЕИ аъзоси сифатида Данияга бу босим қолган аъзоларни ҳам ўйлантиради, ваҳоланки Трампнинг Евроиттифоққа муҳаббати у қадар ҳам кучли эмас, сиёсатчи худдики Европага Америка пулига яшаётган ҳудуд сифатида қараши ҳам қисман ҳақиқат. Иттифоқнинг геосиёсий ва иқтисодий жиҳатдан локомотивлари Германия ва Франция масалага муносабат билдирган. Олаф Шолц чегаралар дахлсизлиги ҳар бир давлат иммунитети ҳисобланишини эслатиб, Даниянинг ёнини олган бўлса, Франция ташқи ишлар вазирлиги бошқа давлатлар иттифоқнинг суверен чегараларига ҳужум қилишига Европа рухсат бермаслигини айтган. Икки давлат муносабати Трампнинг президентлигида АҚШ-Европа алоқаларини ҳам сўроқ остига олади. Демак, Гренландия нафақат Дания, балки Европа учун ҳам нозик масалага айланиши мумкин.

Бундан ташқари, Европарламентнинг даниялик аъзоси Вистисен Трампдан давлатини тинч қўйишини сўради. Страсбургдаги қонунчилар йиғилиши чоғида жаноб президент Гренландия 800 йилдан бери Дания қироллиги таркибида, у мамлакатимизнинг интеграциялашган қисми, сотилмайди, дейди европарламент аъзоси. У гапи охирида Трампни ҳақорат ҳам қилиб ўтган. Европарламент вице-президенти эса қонунчини сўкингани учун жазога тортди. Бунга жавоб берган Вистисен сўкингани сабаб тўлайдиган жаримаси Дания суверенитети учун курашаётгани олдида кичик бир қиймат эканини қўшимча қилди. Депутат Гренландия мудофаа ва ҳарбий соҳада АҚШга ёрдамга доим тайёрлигини, лекин сотилмаслигини алоҳида айтиб ўтган.

Гренландия бош вазири ҳам Трампнинг бу гапларидан кейин орол АҚШ билан ҳарбий ҳамда кон ресурсларини ўрганиш бўйича яқинроқ ҳамкорликка тайёрлигини билдирганди. Трамп 1-президентлиги даврида 2019 йилда ҳам Гренландияга харидор бўлган, лекин масала узоққа чўзилмаганди.