ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25
26
27
28
29
30
31

Тошкент шаҳрида яна бир автосалон раҳбари қамоққа олинди

0
Фото: Google Maps
Тошкент шаҳридаги “Bilol’s electric motors” МЧЖ раҳбари Билол Мамажоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

2021 йил мартда давлат рўйхатидан ўтказилган “Bilol’s electric motors” МЧЖ автомобиллар ва енгил моторли транспорт воситалари чакана савдоси билан шуғулланиб келган. Унга 100 фоизлик улуш билан Билол Мамажонов эгалик қилган.

Kun.uz’га мурожаат қилган жабрланувчиларга кўра, кейинги пайтларда “Bilol’s electric motors” МЧЖ кўплаб фуқаролар билан шартнома тузиб, автомобилларни белгиланган вақтда етказиб бермаган. Бундан норози бўлган мижозларга на машина берилган, на тўлаган пуллари қайтарилган.

Таҳририят ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати билан боғланди. Бошқарма ахборот хизмати Билол Мамажонов қамоққа олинганини тасдиқлади.

“Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. МЧЖ мансабдор шахси Б.М.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда”, дейилади бошқарма маълумотида.

Шунингдек, “Bilol’s electric motors” МЧЖдан жабрланган шахслар бўлса Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармасига мурожаат қилишлари мумкинлиги билдирилди.

Kun.uz’даги маълумотларга кўра, мазкур фирмадан жабрланганлар сони 50 нафарга яқин. Уларга етказилган зарар миқдори ҳозирча таҳририятга маълум эмас.