ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Тошкентда ғаройиб фирибгарлик содир этилди: “Ойи, мен аварияга учрадим”

0
Кўпчилик бунақа воқеалар фақат Ғарб киноларида учрайди деб ўйлайди. Аммо бундай ғаройиб фирибгарликлар Ўзбекистон ҳаётига ҳам кириб келди: Тошкент шаҳрида яшовчи аёл биргина телефон қўнғироғи орқали 50 минг АҚШ долларига чув тушириб кетилди. Фирибгарлар режани амалга оширишда СИП протоколига асосланган виртуал алоқа рақамларидан фойдаланган.

“Қиз”нинг онага қўнғироғи

2024 йилнинг 24 июни. Соат тахминан 13:00 лар атрофи. Тошкент шаҳридаги хонадонлардан бирининг уй телефони жиринглайди. Нафақадаги аёл Л.К. гўшакни кўтаради. Қўнғироқ қилаётган унинг қизи Г.М. эди. Ўзини йўқотиб қўйган она ва йиғлаётган “қизи” ўртасидаги суҳбат шундай кечади:

— “Алло”.
— “Ойи, мен аварияга учрадим. Ёш қизчани уриб юбордим. У ҳозир ўта оғир аҳволда реанимацияда”.

— “Бўлди, бўлди, тинчланиб ол, қизим. Ўзингнинг аҳволинг яхшими?”
— “Ҳаммаси яхши, мен яхшиман”.

Аёлнинг “қизи” бақириб йиғлар, додлаб бир нималар дерди. Шошиб қолган она эса нима қилишни билмасди.

Орадан чамаси 10-15 дақиқа ўтиб, телефон яна жиринглайди. Бу сафар қизи эмас, ўзини прокуратура терговчи эканини айтган “Анна Владимировна” исмли аёл рус тилида гап бошлайди.

Мен қизингизга нисбатан очилган жиноят иши билан шуғулланаман. У машинада уриб кетган кичкина қизча жонлантириш бўлимида оғир аҳволда ётибди. Уни зудлик билан операция қилиш зарур. Ота-онасини тинчлантириш, тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармон ва бошқа ҳаражатларга тезда 50 минг доллар етказишингиз керак. Тушунинг, ҳаммаси тинч ўтиши учун қизалоқнинг ота-онаси ва шифокорларга пул бериш керак”, дейди у.

“Прокуратура терговчиси” Л.К.дан гўшакни қўйиб қўймасликни, агар иши бўлса шунчаки алоқани сақлаб қолган ҳолда гўшакни четга қўйиб қўйишни сўраган. Шунингдек, аёлнинг уяли телефонига ҳам мунтазам турли хил рақамлардан қўнғироқ бўлиб турган. Бу орқали Л.К.га боғланиш мумкин бўлган ҳар икки телефон банд қилиб қўйилган.

Таксистга бериб юборилган 50 минг доллар

“Анна Владимировна” Л.К.га жиноят ишидаги 5 варақдан иборат аризани сўзма-сўз айтиб турган ҳолда ёздирган. Аслида бу ҳам жиноий режанинг аёлни банд қилиб туриш қисми эди.

Сўнгра “Анна Владимировна” аёлга бирор сумка олиб, қизига кийим ва чойшаб бериб юборишни, ушбу нарсалар ичига 50 минг долларни ўраб солиб юборишни, сумкани олиш учун “Азамат” исмли ҳайдовчи боришини айтади.

Л.К. рюкзак топиб, унинг ичига 50 минг долларни чойшабга ўраган ҳолда солади. Уйдан чиқаётганида эса қизининг қизи, яъни ўқишдан қайтган невараси Л.М. келиб қолади. Невара бу фирибгарлик эканини айтиб, бувисини тўхтатмоқчи бўлади. Аммо буви онаси оғир аҳволда эканини айтган ҳолда уни итариб ташлаб, уйдан чиқади. Бу пайтда аёл ўзини йўқотиб қўйган ва нима қилаётганини билмасди.

Уйнинг орқа томонида Spark машинаси кутиб турарди. Л.К. машина ҳайдовчисидан исмини сўраб, Азамат эканини билгач, рюкзакни унга тутқазади.

Аслида Азамат киракаш эди ва у ҳам телефон орқали буюртма олганди. Унга уйнинг локацияси ташлаб берилган ҳамда сумкани бошқа бир манзилга етказиш айтилганди.

Л.К. пулни бериб юборгач, шу атрофдаги дорихонага киради ва қизига дори-дармон сотиб олмоқчи бўлади. Бироқ ортидан келган невараси уни уйга олиб кетади. Бироз муддат ўтгач эса аварияга учраганини айтган қизи уйга кириб келади. У ҳаммасидан бехабар эди.

Аслида фирибгарлар бу оилани ўрганган (ёки маълумотларни кимдир етказиб берган) ҳамда интернет браузери ва шлюз қурилмалари орқали СИП протоколига асосланган виртуал алоқа рақамларидан қўнғироқ қилганди.

Олдиндан тайёрланган курер

1998 йилда туғилган Ш.С. олий маълумотли бўлиб, қўшма корхонада ҳисобчи бўлиб ишлаган. Жиноят ишида у курер вазифасини бажарган.

Суддаги кўрсатмасида Ш.С. унга топшириқни ким берганини билмаслигини маълум қилган.

2024 йил тахминан апрел ойида Telegram’даги гуруҳларда қўшимча иш излаб, эълонларни кузатиб ўтиргандим. Шунда бир эълон шартлари ва тўлов миқдори билан эътиборимни тортди Шу туфайли эълонда кўрсатилган ҳавола орқали бир фойдаланувчига хабар ёздим. Фойдаланувчи ишнинг мазмунини тушунтирди. Унга кўра, менга манзил айтилиши, манзилга борганимда бирор шахс халта, пакет ёки сумка бериб юбориши, унинг ичида эса пул бўлиши, мазкур пулларни айтилган ҳисобрақамга ўтказиб беришим керак эди. Ҳар бир буюртма учун энг камида 500 минг сўмдан бошлаб фойда кўришимни айтишган.

Мен ушбу таклифга рози бўлиб, ишни бошлашга тайёр эканимни билдирдим. Фойдаланувчи менга бошқа бир шахснинг аккаунтига ҳавола юборди ва қолганини у тушунтиришини айтди. Бу “Буду прямо” номли аккаунт эгаси эди. Унга ёздим
”, деган йигит ўз кўрсатмасида.

2024 йил 24 июн куни соат 14:00 ларда “Буду прямо” аккаунти эгаси Ш.С.га хабар ёзиб, иш борлигини айтади ҳамда манзилини сўрайди. Ш.С. унга Telegram орқали ўзи ишлайдиган ташкилот манзилини жўнатади.

Олдингга “Yandex taxi” ҳайдовчиси боради ва сумка беради. Унинг ичида пул бор. Пулни санаб, қанчалигини менга айтасан”, дейди номаълум топшириқ берувчи.

Орадан бироз вақт ўтиб, ростдан ҳам такси ҳайдовчиси келади ва унга сумкани беради. Ш.С. унга йўл ҳақини тўлаб юборади. Кейин сумкани очиб кўради. Сумкада аёллар кийимлари, дастурхон, ёстиқ ва унинг ичида 1,5 минг доллар ва 11,6 млн сўм пул бор эди. Йигит бу ҳақда “Буду прямо” аккаунти эгасига хабар беради. У яна бир буюртмани қабул қилиб олиши лозимлигини маълум қилиб, такси ҳаволасини юборади.

Кўп ўтмай яна бир такси келади ва сумка бериб кетади. Сумкада аёллар кийими, дастурхонлар ва 50 минг доллар борлигини кўради.

Номаълум “иш берувчи” Ш.С.га бошқа манзил беради ва ўша ерга бориб, 50 минг долларни бир шахсга бериб юборишини айтади. “Сени кутаётган шахс оқ рангли финкада, кўк шимда ва кроссовкада бўлади. Ундан “Воваданмисан?” дея сўрайсан, парол шу”, дейди у.

Ш.С. берилган манзил бўйича боради ва таърифлаган шахсни кўради. “Воваданмисан?” деган саволга ҳа деган жавобни олгач, 50 минг долларни унга тутқазади.

Иккинчи курер: асосий иш

Ш.С.дан 50 минг долларни олиб қолган шахс 1994 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Ш.Б. эди. Аммо у ҳам бу жиноят ишида асосий фигурант эмасди. Ш.Б. ҳам ёлланган ва ҳақ эвазига маълум бир вазифани бажариб берганди холос.

У судда шундай деган:

2024 йил май ойида Telegram’даги аккаунтимни кимдир иш эълонлари гуруҳига қўшиб қўйганини билиб қолдим. Шу кун гуруҳда “Владимир” исмли фойдаланувчи иш борлиги тўғрисида эълон қолдирди.

Эълонга қизиқиб, “Владимир”га ёздим. У менга биржада иш қилишини, бир шахсдан пул маблағларини олиб, уларни айтилган ҳисобрақамларга ўтказиш ёки бошқа бир шахсга етказиб бериш лозимлигини тушунтирди. Хизматим эвазига эса ҳар бир буюртмадан 5 фоиз иш ҳақи олишимни айтди. Таклифга рози бўлдим.

2024 йил 24 июн куни соат тахминан 17:00 ларда “Владимир” менга хабар ёзиб, буюртма борлигини, ўзим турган жой манзилини юборишни, менга бир шахс 50 минг доллар пул олиб келишини айтди. Ушбу пулни айтилган ҳисобрақамларга ўтказиб юборишим керак эди. Олдимга келадиган шахс оқ рангли финкада, кроссовкада ва кўк шимда бўлишини билдирди.

Бироз ўтиб олдимга таксида таърифланган шахс келди ва пакетда пул берди. Санаб кўрсам 49,1 минг доллар экан. Буни “Владимир”га айтганимда у 900 долларни пулни олиб келган шахс хизмат ҳақига олиб қолганини айтди
”.

Шундан сўнг “Владимир” Ш.Б.га пластик карта рақамларини юборган ҳамда уларнинг ҳар бирига қанча миқдордан пул ўтказишни айтиб турган. Бу асосан банк картасини тушириб қолдирган ёки йўқотиб қўйган шахсларга тегишли пластик карталар бўлган.

Ш.Б. хизмат ҳақи учун ўзига 1,5 минг доллар олиб қолган. Қолган пулни эса бозорда “валютчик”лардан сўмга алмаштирган. Сўнгра Чорсу бозори олдида PayNet шохобчаси орқали “Владимир” айтган пластик карталарга ўтказиб юборган.

Жазо

Мазкур жиноят ишига доир суд ҳукмида уни ташкиллаштирган асосий фигурантлар ҳақида сўз йўқ. Катта эҳтимол билан бу иш чет элда бўлган жиноий гуруҳ томонидан амалга оширилган. Сабаби, аёлга қўнғироқ қилган ва курерларни жалб этганлар асосан рус тилида мулоқотга киришган. Ўзбекистон фуқаролари номидаги банк карталарига ўтказилган пуллар эса турли йўллар билан чет давлатга “тортиб олинган” бўлиши мумкин.

Суд ҳукмида келтирилишича, жиноят иши доирасида фақат икки курер – Ш.С. ва Ш.Б.га жазо қўлланган. Улар Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Йигитларга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланган ҳолда 2,5 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Шунингдек, иш бўйича етказилган зарарни қоплаш мақсадида топширилган (ким томонидан топширилганига аниқлик киритилмаган), Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими депозит ҳисобрақамида сақланган 285 млн сўм ҳамда 23,5 минг доллар, Тошкент шаҳар ИИББ Молия бўлимига топширилган 1,5 минг доллар, ашёвий далил сифатида Ш.С.дан олинган 13 млн сўм ва 1,8 минг доллар, Ш.Б.дан олинган 550 минг сўм пул маблағлари жабрланувчи Г.М.га қайтарилиши белгиланган.

Руслан Сабуров

Манба: Kun.uz