ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2025
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Абдуқодир Ҳусанов трансферига бош бўлган суперагент “Ланс”ни қандай “ухлатди”?

0
2025 йилнинг бошидаги энг шов-шувли трансферлардан бири Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”га ўтаётгани бўлиб турибди.

Бир қарашда, бу трансфер “Ланс” учун ўта фойдали кўринади. “Шаҳарликлар” Англия Премьер-лигаси тарихидаги биринчи ўзбек футболчиси учун Франция клубига 40 миллион евро миқдорида бадал пули ва 10 миллион евро бонус, жами 50 миллион евро тўлаши айтилмоқда.

Аслида “Ланс” раҳбарияти ўз кашфиётини 25-30 миллион еврога баҳолаган ва бу трансферни амалга ошириш учун энг қудратли агентлардан Жорже Мендешга мандат берганди. Португалиялик мутахассисга Ҳусанов трансферидан 10 фоиз улуш ажратилган.

Франция футболини ёритиб келаётган le11hdf.fr портали Абдуқодир Ҳусанов трансферининг кўпчиликнинг назаридан четда қолган “нозик” томонлари ёритилган мақола чоп этди. Ушбу ахборотда таниқли ижодкор Ромен Молина ўзбек футболчиси трансфери бўйича журналистик суриштирув ўтказгани ва унда қандай хулосаларни ўртага ташлагани муҳокама қилинади.

- Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”га трансфери 50 миллион евро атрофидаги суммага тушганини инобатга олсак, бу “Ланс” тарихидаги рекорд кўрсаткич ва Лоис Опенданинг “Лейпциг”га трансфер қилинган нархидан (44 миллион евро) ошиб кетди.

Бироқ Ромен Молина ўз YouTube канали орқали чиқишида “Ланс” раҳбарияти энг сердаромад трансферни амалга ошириш ваколатини суперагент Жорже Мендешга бериб, катта хатога йўл қўйганини очиб ташлади.

“Ҳусановнинг трансферини охирига етказиш учун Мендешнинг умуман кераги йўқ эди. “Ланс” Европанинг бир неча қудратли клуби талашаётган футболчи трансфери учун футбол агентига мандат беришнинг нима кераги бор?

Мендеш аввал бошдан Ҳусановнинг трансферини 40-50 миллион еврога уддалаш мумкинлигини яхши англаган ҳолда бу ишга киришган. Агент бу ишга умуман таклиф юбормаган “Реал Мадрид”нинг қизиқиши ҳақидаги хабарларни ҳам қўшди. Ҳақиқатан ўйинчига қизиққанлардан “Ньюкасл” бор эди, бироқ улар таклиф беришда манкунианларга яқинлаша олмади.

Ҳусановнинг ишини Мендешга топшириш орқали “Ланс” бурнининг тагидаги яна бир даромадли трансферни қўлдан чиқарди. Лансликлар етакчиси Кевин Дансони “Вулверхэмптон” асосий нишон сифатида белгилаган эди. Бироқ “бўрилар” охир-оқибат “Реймс”дан Эммануэль Агбадуни 20 миллион еврога олди.

Бу операциянинг бошида ким турган эди? Яна ўша Жорже Мендеш! Бу гал у “Реймс” учун ишлаб берди.

Буларнинг ҳаммаси Мендешнинг томошаси, ўйини. Суперагент ишларни тез уддалади. Натижада “Ланс” Ҳусановни 40-50 миллион еврога сотди, Дансонинг трансферидан қуруқ қолди.

Клуб агентларга мандатни бирор ўйинчини сотишда қийинчиликка дуч келса ёки ўйинчи клубни доғда қолдиришга уринсагина бериши керак. Ҳусанов трансферида “Ланс” ҳозиргидан кўпроқ ишлаб олиши мумкин эди. Бироқ бу трансфер суперагентларнинг натижага ўз таъсирини ўтказишдаги устунлигини кўрсатиб турибди”, деган Ромен Молинанинг таҳлили ва хулосасини келтирди le11hdf.fr портали эксперти Энцо Пайлот.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов Франция футболидаги биринчи ва ҳозирча ягона ўзбек футболчиси ҳисобланади. “Ланс” уни 2023 йилнинг ёзида Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубидан 100 минг еврога трансфер қилган. Мана орадан бир ярим йил ўтиб, лансликлар ўз харажатини 500 баробар қилиб чиқариб олиш имконига эга бўлди.