ru24.pro
World News in Uzbek
Февраль
2024

Ўзбекистонда такси хизмати учун нақд пул тўланганда электрон чек бериш бошланди

0
Ўзбекистонда такси хизмати учун нақд пул тўланганда электрон чек бериш бошланди
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида агрегаторлар ва такси хизматларини фискаллаштириш кўзда тутилгани ҳақида хабар берилган эди. Солиқ қўмитаси Yandex.Gо йўловчиларга нақд пулдаги тўлови учун электрон чек беришни бошлаганини маълум қилди.

Қайд этилишича, онлайн такси агрегаторларининг солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашуви натижасида йўловчи ташиш динамикаси Солиқ қўмитаси маълумотлар базасида акс этмоқда.

2023 йилнинг декабрь ойида онлайн такси агрегаторлари орқали 4,4 миллион ташувлар амалга оширилди. Йўловчи ташиш фаолияти 80,1 минг нафар ўз-ўзини банд қилган ҳайдовчи томонидан амалга оширилган. 2024 йил январь ойида қатновлар сони 5 миллионга етди. Ташиш хизматлари 113,5 минг нафар ўз-ўзини банд қилган ҳайдовчи томонидан кўрсатилди.

Қўмитанинг билдиришича, айни пайтда бошқа онлайн такси агрегаторларининг солиқ органлари билан интеграциялашувини таъминлаш ва тўлов шаклидан қатъи назар, йўловчиларга чек бериш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Маълумот учун. “Солиқ” мобил иловасида ўз-ўзини банд қилган шахслар чеклари учун кешбэк ҳисобланмайди.