ru24.pro
World News in Uzbek
Февраль
2024

«РФнинг гибрид операцияси»: Эстонияда 10 киши қўлга олинди

0
Фото: Peter Kovalev/TASS/dpa/picture alliance
Эстония хавфсизлик идоралари ички ишлар вазири Лаури Ланеметс ва эстониялик журналистлардан бирининг автомобилларига қилинган ҳужумлар ортида Россия турибди, деб ҳисоблайди. Бу ишда декабр ойидан бери 10 киши қўлга олинган, улар, тергов маълумотларига кўра, Россия махсус хизматлари номидан иш олиб борган, деб хабар қилди 20 феврал, сешанба куни Эстония хавфсизлик полицияси (КаПо).

Хабарда декабр ойи бошида машинасида ойналари синдирилган журналистнинг исми-шарифи кўрсатилмаган, бироқ Delfi ахборот портали гап ушбу нашрнинг рус тилидаги версияси бош муҳаррири Андрей Шумаков ҳақида кетаётганини ёзади.

Эстония хавфсизлигига қарши гибрид операция

КаПо маълумотларига кўра, жиноий иш доирасида тўпланган маълумотлар Россия махсус хизматлари томонидан мувофиқлаштирилган «Эстония Республикаси хавфсизлигига қарши гибрид операция» Эстония жамиятида қўрқув ва кескинликни кучайтиришга қаратилганлигини кўрсатади.

Ҳисоботда, шунингдек, гумонланувчилар, жумладан, Эстониядаги ёдгорликларни таҳқирлашда ҳам иштирок этгани айтилади.

Прокуратура талаби билан ушланган олти нафар шахс қамоққа олинган. Эстония давлат прокурори Триину Олевга кўра, қўлга олинганлар орасида Россия ва Эстония фуқаролари ҳам бор, уларнинг баъзиларида иккита паспорт мавжуд. Эстония Ички хавфсизлик хизмати раҳбари Маргот Паллосоннинг аниқлик киритишича, уларнинг аксарияти илгари судланган, ижтимоий тармоқлар орқали ёлланган ва ҳужумларни амалга оширгани учун «маълум молиявий мукофотлар» олган.

Ушбу иш юзасидан Россиянинг Эстониядаги муваққат ишлар вакили Эстония Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.

Латвияда ёдгорликни таҳқирлаган шахс қўлга олинди

Шу куни Латвия Давлат хавфсизлик хизмати (ЛДХХ) 8 феврал куни «Патерниэки» чегара постида Россиянинг кўрсатмаси бўйича Латвия ва бошқа Болтиқбўйи давлатларида провокациялар уюштирганликда гумон қилинган Эстония ва Россия фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар берди. Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, январ ойи охирида у Жукста шаҳридаги латвиялик легионерлар ёдгорлигига қизил бўёқ қуйган.

Давлат хавфсизлик хизмати матбуот-релизида таъкидланишича, тергов доирасида Латвия махсус хизмати Эстония ва Литванинг тегишли тузилмалари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда, чунки қўлга олинган шахс бошқа Болтиқбўйи давлатларида ҳам шунга ўхшаш ҳаракатлар содир этган бўлиши эҳтимоли бор.