Солиқ тўловчиларга қонунчиликдаги янгиликлар тушунтирилди
Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, ушбу қонун билан Солиқ кодексининг 46-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу янгиликларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида Тошкент вилояти солиқ бошқармаси томонидан семинар ташкил этилди.
Семинарда соҳа масъуллари ва тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш учун фойда солиғи бўйича ҳар ой бўнак тўловлари тўлаши лозим бўлган тадбиркорлар даромадининг чегаравий миқдори аввал 5 млрд. сўм бўлган бўлса, эндиликда 10 млрд. сўм этиб белгиланганлигини таъкидладилар.
Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини қоплашда ўтказиладиган камерал солиқ текширувидан ташқари, камерал солиқ текширувларида солиқ тўловчининг ҳудудига кириш, ҳудудини кўздан кечириш, ҳужжатларни талаб қилиш ва уни чақиртириш, ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш тақиқлангани, юридик шахслар ва ЯТТларга камерал солиқ текшируви натижасида қўшимча ҳисобланган солиқларни 6 ой мобайнида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилганлиги бўйича батафсил тушунчалар берилди.
Семинар давомида иштирокчилар томонидан йўлланган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилиб, Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар акс этган махсус қўлланмалар тарқатилди.
Тошкент вилояти солиқ бошқармаси ахборот хизмати.