Жанубий Африка Республикаси Исроилни тавбасига таянтирмоқчи
2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода камида 23210 фаластинлик ҳалок бўлган.
Америкалик таниқли ҳуқуқшунос Фрэнсис Бойл ЖАР Исроил геноцид содир этганини тасдиқловчи жиддий далилларга эга деб ҳисоблайди. Ўз даврида Халқаро жиноий судда айнан геноцид бўйича икки даъвода ютиб чиққан ҳуқуқшунос Исроил бу ишда ютқизиши ва айбдор деб топилишини айтади.
Ҳуқуқшуносга кўра, нуфузли маҳкама Исроилни айбдор деб топса, мамлакат БМТ тузилмаларидан четлатилиши ва унга нисбатан иқтисодий санкциялар ҳам жорий этилиши мумкин. Агар Исроилнинг яқин иттифоқчиси АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида одатдагидек Тель-Авивга қарши чораларга тўсқинлик қилса, “Тинчлик йўлида бирлик” резолюциясига мувофиқ БМТ Бош ассамблеяси ташаббусни қўлга олиши мумкин. 1950 йилда қабул қилинган ушбу ҳужжатга биноан, доимий аъзоларнинг қарши овози сабаб Хавфсизлик кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизлик борасидаги мажбуриятларини бажара олмаган тақдирда, Бош ассамблея тегишли чораларни кўриши белгиланган.
Фрэнсис Бойл, шунингдек, БМТ Исроил бўйича собиқ Югославия каби алоҳида трибунал ташкил қилишини ҳам истисно этмаган.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроилни халқаро гуманитар ҳуқуқни бузиш, фаластинликларни оммавий жазолашда айбламоқда.
2023 йил ноябрь ойида Исроил томонидан Ғазода геноцид жинояти содир этилганини тасдиқловчи далилларни йиққан халқаро адвокатлар гуруҳи бош вазир Бинямин Нетаняҳуни ҳибсга олиш бўйича сўров йўлламоқчи экани хабар қилинганди.
АҚШ президентлигига номзод, яҳудий миллатига мансуб Жилл Стайн ҳам Исроил бош вазири Ғазода геноцид ва ҳарбий жиноятлар содир этмоқда деган фикрда.