Санжар Валиев янги лавозимга тайинланди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро алоқалар ахборот-таҳлил марказига Санжар Валиев раҳбарлик қилади. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
48 ёшли Санжар Валиев шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Ташқи алоқалар хизматида ишлаб келган. Шунингдек, узоқ йиллар давомида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида, шунингдек, мамлакатимиздаги бошқа таҳлил марказларида ташқи сиёсат масалалари бўйича тадқиқот ишларини олиб борган.
У немис ва инглиз тилларини билади.
Санжар Валиев 2019-2023 йилларда Халқаро алоқалар ахборот-таҳлил марказига раҳбарлик қилган Дониёр Қурбонов ўрнига тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро алоқалар ахборот-таҳлил маркази 2016 йилда ташқи сиёсат, халқаро сиёсий ва иқтисодий алоқалар соҳасида кенг қамровли тадқиқотлар олиб бориш мақсадида ташкил этилган.