Мубашшир Аҳмад ҳақида тарқалган хабарлар бўйича расмий маълумот берилди
Фото: “Азон Глобал”
Ижтимоий тармоқларда “Азон Глобал” ахборот таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад Туркияда полиция томонидан қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Унга кўра, ҳақиқатан ҳам, Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсунов 2023 йилнинг 28 декабрь куни Туркия полицияси томонидан ўзи яшаб турган уйидан олиб кетилган ва Истанбул вилояти Чаталжа туманида жойлашган Бинкилич депортация марказига жойлаштирилган.
Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ва бош консулхонаси томонидан унга нисбатан тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.
“Азон Глобал” ахборот таҳлилий порталининг маълум қилишича, дастлаб қандайдир англашилмовчилик бўлгани, шу боис оммани беҳуда ташвишга солиш керак эмаслиги каби мулоҳазалар билан бу ҳақда кенг оммага хабар берилмади.
“Устоз Мубашшир Аҳмадга қўйилаётган айбловлар умуман асоссиз экани, бу ҳол дастлабки суриштирувдаёқ аниқланишига ва устозни қўйиб юборилишига қатъий ишонч бор эди. Аммо, афсуски, вазият ундай бўлиб чиқмади”, — дейилади портал хабарида, бироқ унга айнан қандай айб қўйилганига аниқлик киритилмаган.
Қайд этилишича, Туркия қонунлари бўйича гумонланувчини 3 кундан ортиқ тутиб туриш мумкин эмас, шу муддат ичида қўйилаётган айб исботланса, адлия идораларига ўтказилиши, исботланмаса, чиқариб юборилиши лозим. Баъзан чет эллик шахсларни қайтариб юбориш (депортация) марказларига ўтказишади ва у ердан ўз ватанига жўнатишади ёки озод қилишади.
Мубашшир Аҳмад орадан шунча кун ўтиб ҳам депортация марказида эканлиги тушунарсиз бўлиб қолаётгани таъкидаланиб, унга адвокатлар ёрдами кўрсатилаётгани ва бошқа барча керакли чора-тадбирлар кўрилаётгани қўшимча қилинган.