ru24.pro
World News in Uzbek
Январь
2024

Президент қонунларга «қоғозда эмас, балки амалда» қатъий риоя қилиш муҳимлигини таъкидлади

0

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга ошираётган барча ислоҳотларда қонун устуворлигини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табригида маълум қилди.

«Қонун ҳукмрон бўлган жамиятда албатта адолат, сиёсий-ижтимоий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва юксалиш бўлади, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланади», - дея таъкидлаб ўтди давлат раҳбари.

Сўнгги йилларда прокуратура соҳасини тубдан ислоҳ этиш, бу борада очиқлик ва адолатга асосланган, фуқаролар ва жамият манфаатига хизмат қиладиган, халқпарвар қарорлар қабул қилиш, ўз назарий ва амалий мактабига, фидойи ва профессионал ходимлар корпусига эга бўлган тизимни шакллантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.

«Энг муҳими, прокуратура тизими ҳам, одамларимизнинг унга нисбатан муносабати ҳам ўзгармоқда. Бугунги кунда эл-юртимиз прокуратура тимсолида «жазоловчи идорани» эмас, балки аҳоли ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашадиган, уларнинг дардига шерик, мададкор бўлишга ҳаракат қиладиган халқпарвар тузилмани кўрмоқда», - деди Шавкат Мирзиёев.

Буни кейинги етти йилда прокуратура органлари томонидан 2 миллионга яқин мурожаат ижобий ҳал этилиб, 300 мингдан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани, 148 мингга яқин тадбиркорнинг муаммоларига ечим топилгани тасдиқлайди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтган даврда 53 мингдан зиёд ҳуқуқбузарлик ва жиноятга чек қўйилди, давлат ва жамият манфаатларига етказилган 4,7 триллион сўм зарар ундирилди, 15 мингдан ортиқ шахснинг фаолиятига қонуний тус берилиб, уларнинг тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши таъминланди. Прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюросининг ташкил этилиши ижро ишини юритиш бўйича мавжуд тартибсизликларга барҳам бериб, қатъий интизом ўрнатишга имкон яратди. Ўтган йил давомида 36 триллион сўмлик суд ҳужжатларининг ижроси таъминланди.

Билдирилишича, мамлакатда «Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар» деган эзгу тамойил асосида қонунийликни таъминлаш борасидаги ишлар ҳал қилувчи босқичга киряпти.

«Ҳар бир прокуратура ходими бир ҳақиқатни чуқур англаб етиши зарур. Қачон одамларимиз ҳаётида хотиржамлик, рўзғорида фаровонлик ва ҳаловат бўлади, қачон уларда эртанги кунга ишонч ортади? Қачонки, юртимизда қонунлар қоғозда эмас, балки амалда қатъий бажарилган, ислоҳотлар ҳар бир хонадон, ҳар бир маҳаллага кириб, юртдошларимиз уларнинг амалий самарасини ўз кундалик ҳаётида ҳис этган тақдирда бу мақсадга тўла эришиш мумкин», - деди президент.

Таъкидланишича, халқнинг оғирини енгил қилиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликка қарши курашишга қаратилган дастурлар ижросини изчил ташкил этиш, атроф-муҳит, табиий бойликлар ва маданий меросни кўз қорачиғидек асраш, тиббиёт, таълим каби соҳалардаги ислоҳотларни давом эттириш ва бу борада қонун бузилишига муросасиз бўлиш – прокуратура ходимларининг конституциявий бурчи ва энг асосий вазифасидир.

«Аминманки, юртимизда коррупция иллатига қарши курашиш жараёни умумхалқ ҳаракатига айланаётган бугунги кунда прокуратура ходимлари алоҳида жонбозлик кўрсатиб, ўз ташаббуслари билан барчага намуна бўладилар», - деди Шавкат Мирзиёев.