АҚШ контейнер кемасига ҳужум қилган ҳусийчиларнинг қайиқларини чўктириб юборди
Қизил денгизда АҚШ ҳарбий вертолётлари Maersk компанияси контейнер кемасига ҳужум қилган Ямандаги ҳусийчи исёнчиларнинг учта қайиғини чўктириб юборди. Бу ҳақда 31 декабр, якшанба куни X ижтимоий тармоғида АҚШ армиясининг Яқин Шарқ, Марказий ва қисман Жанубий Осиёдаги операциялари учун масъул бўлган Марказий қўмондонлиги маълум қилди.
Хабарда айтилишича, Яманнинг ҳусийчилар назорати остидаги ҳудудларидан келаётган тўртта қайиқ Сингапур байроғи остидаги Maersk Hangzhou кемасига 20 метр масофага яқинлашган. Қайиқлардаги жангчилар контейнер кемасига ўқ узган, сўнг унга чиқмоқчи бўлган. АҚШ ҲДКнинг Dwight Eisenhower авиа-ташувчи кемасидан ҳавога кўтарилган иккита вертолёт ва Gravely эсминеци дастлаб ҳусийчиларга «оғзаки сигналлар» юборган, бироқ улар ўт очган, сўнг бунга жавоб қайтарилган. Натижада жангчилар бўлган учта қайиқ чўкиб кетган, тўртинчиси эса қочишга муваффақ бўлган. Америкалик ҳарбийлар ёки техникага зарар етмаган.
Ҳусийчилар вакили, AFP хабарига кўра, шу куни телевидение орқали нутқ сўзлаб, АҚШ армияси билан тўқнашув натижасида ўн нафар жангчи ҳалок бўлганини эълон қилди. У «америкалик душманлар бу жиноят учун жавоб беради», деди.
Maersk Hangzhou контейнер кемасига қилинган ҳужум 24 соат ичида иккинчиси бўлди. Аввалроқ, Қизил денгиз жанубидан ўтаётган ўша кемага ракета келиб урилган, бироқ у фойдаланишга яроқлилигича қолганди. Экипаждан ҳеч ким жабрланмаган. Ушбу биринчи воқеадан сўнг, АҚШ ҳарбийлари, ўз хабарига кўра, ҳусийчилар томонидан контейнер кемасига учирилган яна иккита баллистик ракетани уриб туширди.
Maersk ўзининг юк кемасига иккинчи ҳужумдан сўнг Қизил денгиз орқали барча ҳаракатни 48 соатга тўхтатганини билдирди.
Ҳусийчилар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда
АҚШ минтақавий қўмондонлиги маълумотларига кўра, бу 19 октябрдан бери Қизил денгизда тижорий юк ташишга ҳусийчиларнинг 23-ҳужумидир. Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши бошланганидан бери, кузатувчилар Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётганига ишонадиган яманлик ҳусийчилар Қизил денгиздаги савдо кемаларига бир неча бор ҳужум қилган. Исёнчиларга кўра, улар «Ғазо секторидаги биродарларига» Исроилнинг «тажовузкорлиги» тўхтамагунча «дунё бўйлаб Исроил кемаларига ҳужум қилиш»ни давом эттириш ниятида.
16 декабр куни иккита юк ташиш компанияси - Mediterranean Shipping Company (MSC) ва CMA CGM - Араб денгизидаги Аден кўрфази ҳамда Қизил денгизни боғлайдиган Боб ал-Мендеб бўғози орқали ўз кемаларини жўнатишни вақтинча тўхтатишини эълон қилди. Аввалроқ худди шундай қарор Германиянинг Hapag-Lloyd юк ташиш компанияси ва дунёдаги энг йирик контейнер ташувчи - Даниянинг Maersk компанияси томонидан эълон қилинган эди.
Кейинчалик Maersk Қизил денгиз ва Аден кўрфази орқали кемаларни ҳимоя қилиш учун Prosperity Guardian операцияси бошлангани сабабли юк ташиш операцияларини қайта тиклашга тайёрланаётганини билдирди.
Тинчлик даврида бутун дунё денгиз ташувларининг 10-12 фоизи, жаҳон нефт ташувларининг тахминан 5 фоизи ва контейнер ташувларининг тахминан 30 фоизи Қизил денгиз орқали ўтади.
[/allow-turbo] Дунё Shuhrat Mon, 01 Jan 2024 17:30:08 +0500