ru24.pro
World News
Февраль
2026

Ямалнинг хет-трики "Барселона"га йирик ғалаба олиб келди

0

Ла Лиганинг 26-турида «Барселона» ўз майдонида турнир жадвалида юқори поғонада бораётган «Вильярреал»ни қабул қилиб, ишончли ва ёрқин ғалабага эришди. Каталония жамоаси рақибини 4:1 ҳисобида таслим этди, учрашувнинг бош қаҳрамони эса шубҳасиз Ламин Ямал бўлди — ёш юлдуз учта гол уриб, фаолиятидаги илк хет-трикни расмийлаштирди.

Учрашув давомида «Барселона» ўйин назоратини қўлдан чиқармади. Ламин Ямал 28- ва 37-дақиқаларда дарвоза йўлини аниқ топиб, мезбонларга қулай устунлик тақдим этди. Иккинчи бўлим аввалида «Вильярреал» сафида Папе Гуйе ҳисобни қисқартириб, интригани қайтаришга уринди. Аммо бу узоққа чўзилмади — 69-дақиқада Ямал яна бир бор зарба бериб, хет-трикни тўлдирди. Қўшимча дақиқаларда Роберт Левандовски ғалабага сўнгги нуқтани қўйди.

Ла Лига. 26-тур
Барселона – Вилярреал 4:1
Голлар: Ямал 28, 37, 69, Левандовски 90+1 – Гуйе 49.
Барселона – Жоан Гарсия, Кунде, Кубарси, Эрик Гарсия, Балде, Бернал (Араухо, 67), Фермин, Олмо (Педри, 59), Рафиня (Рэшфорд, 73), Ферран (Левандовски, 67), Ямал (Бардакчи, 73).
Вилярреал – Жуниор, Моуринио, Наварро, Вейга, Кардона (Гонсалес, Пепе, Комесаня (Парехо, 80), Гуйе, Молейро (Педраза, 67), Айозе, Микаутадзе.

Бу ғалаба «Барселона» учун оддий уч очкодан анча катта аҳамиятга эга. Чунки каталонияликлар чемпионлик пойгасидаги тўғридан-тўғри рақобат шароитида ўз позициясини янада мустаҳкамлаб олди. 26 турдан сўнг «Барселона» 64 очко билан пешқадам бўлиб турибди ва «Реал»дан тўрт очко олдинда, аммо мадридликларда битта захира ўйини бор. «Вильярреал» эса 51 очко билан учинчи ўринда қолди.

Энг эътиборли жиҳат — Ламин Ямалнинг ўйини. У бу сафар шунчаки яхши эмас, ҳал қилувчи даражада порлади. Ёш бўлишига қарамай, у майдонда етакчига хос ҳаракат қилди, ўйин темпини ҳис қилди ва рақиб ҳимоясини бир неча бор қийналишга мажбур этди. Шунинг учун ҳам бу ғалаба нафақат «Барселона»нинг кучини, балки Ямалнинг тобора катта футболчига айланиб бораётганини ҳам яна бир бор кўрсатди.