Карачида уч қаватли уй портлади
Покистоннинг йирик шаҳри — Карачида уч қаватли тураржой уйида юз берган кучли газ портлаши оғир фожиага олиб келди. Ҳодиса оқибатида камида 16 нафар инсон ҳалок бўлди. Бу ҳақда GZT хабар берди.
Маълум қилинишича, портлаш 19 февраль куни тонг соат 04:15 атрофида тураржой биносининг биринчи қаватида содир бўлган. Жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар шаҳар фуқаролик шифохонасига олиб борилган.
Полиция раҳбарияти вакили — Жамшид Ашернинг сўзларига кўра, фожиага бинодаги газ тизимида юзага келган носозлик сабаб бўлган.
Дастлабки маълумотларга асосан, ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. Яна 14 нафар фуқаро турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган, айримларининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Хавфсизлик хизматлари портлаш сабабларини аниқлаш учун газ сизиши билан боғлиқ барча ҳолатларни текширмоқда. Шунингдек, портлаш оқибатида яқин атрофдаги бинолар ҳамда транспорт воситаларига ҳам зарар етган.
Синд вилояти бош вазири — Мурод Али Шоҳ воқеа юзасидан чуқур қайғу изҳор этиб, фожианинг аниқ сабабларини ўрганиш учун кенг қамровли тергов ўтказишни буюрди.
Покистон Президенти — Асиф Али Зардори эса ҳалок бўлганлар оилаларига таъзия билдириб, келгусида бундай фожиаларнинг олдини олиш мақсадида хавфсизлик назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
