Қозоғистонлик аёлларни ҳақорат қилган блогерлар 15 суткага қамалди
Олмаотада жонли эфир пайтида қозоғистонлик аёллар ҳақида ҳақоратли сўзлар ишлатган икки нафар россиялик блогер 15 суткага маъмурий қамоққа олинди. Ҳодиса жамоатчиликда кескин норозилик уйғотди ва “контент” деб айтилган гап катта можарога айланди.
Қозоғистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, бу ҳолат юзасидан “майда безорилик” бўйича чора кўрилган. Шу билан бирга, Қозоғистон Жиноят кодексининг 174-моддаси — миллатлараро нафрат ёки адоват қўзғатиш аломатлари бўйича ҳам тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маҳаллий ОАВга кўра, гап Ринат Пашаев ва Анар Абдуллаев ҳақида кетмоқда. Улар кейинчалик хатосини тан олиб, жамоатчиликдан узр сўраган. Аммо суд қарорга келиб бўлган: Олмаота ихтисослаштирилган маъмурий суди уларга 15 суткалик қамоқ жазосини тайинлади.
Воқеа яна бир нарсани эслатди: камера олдида айтилган ҳар бир сўз ҳам “шунчаки ҳазил” бўлиб қолмайди. Айниқса, у бошқаларнинг қадр-қимматига тегса.
