ru24.pro
World News
Февраль
2026
1 2 3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28

Тошкентда банк бўлими бошлиғи 120 минг долларни қиморга сарфлади

0

Тошкент шаҳрида интернет орқали қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга 120 минг АҚШ долларини йўналтириб, маблағларни талон-торож қилган шахслар фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яшнобод туман бўлими томонидан тижорат банки мурожаати асосида ўтказилган терговга қадар текширувлар давомида Яшнобод туманида жойлашган банк филиалида бўлим бошлиғи лавозимида фаолият юритган Э.Н. “А.” МЧЖ масъул шахслари ҳамда бошқа фуқаролар билан ўзаро келишиб иш тутгани аниқланган.

Текширув жараёнида мазкур шахслар “B.B.” МЧЖ номига 120 минг АҚШ доллари миқдорида кредит расмийлаштирилишига эришгани маълум бўлди. Кейинчалик сохта ҳужжатлар расмийлаштириш йўли билан кредит маблағлари нақд пулга айлантирилиб, олинган маблағлар интернетдаги қимор ҳамда таваккалчиликка асосланган ўйинларга сарфланган.

Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда 228-моддаси — ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар ва бланкаларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни пайтда мазкур жиноят иши доирасида тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.