ru24.pro
World News
Январь
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27
28
29
30
31

Мирзиёев Тошкент ҳуқуқ-тартибот раҳбарларига қаттиқ огоҳлантириш берди

0

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ички ишлар тизимидаги иш самарадорлиги бўйича танқидий хулоса чиқариб, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев ҳамда Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи Анвар Ўрмоновга ҳайфсан эълон қилди. Шу билан бирга, икки раҳбарга олти ойлик синов муддати тайинланди.

Видеоселектор йиғилишида пойтахт ички ишлар тизимида терговчи ва суриштирувчилар фаолиятида сифат жиддий паст экани очиқ айтилди. Қайд этилишича, ходимлар малакасининг етишмаслиги сабаб ўтган йил давомида 833 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилмасдан, ҳисобдан яшириб қолинган. Бу эса расмий ҳисоботларда кўринмай қолган муаммолар борлигини англатади.

Йиғилишда яна бир муҳим жиҳатга урғу берилди: “шаҳарда жиноятчилик 2 мингтага камайтирилди” деган маълумотлар берилаётган бўлса-да, амалда Тошкентда 26 та маҳалла “қизил”, 465 таси эса “сариқ” тоифада қолмоқда. Яъни рақамлар ортида вазият тўлиқ барқарорлашгани сезилмаяпти.

Айрим туманлардаги манзара эса алоҳида ташвиш уйғотган. Республикадаги 208 туман орасида Чилонзор оилавий зўравонлик, талончилик ва безорилик бўйича энг юқори кўрсаткичларни қайд этган. Юнусобод босқинчилик ҳолатлари бўйича биринчи ўринда тилга олинган. Шунингдек, ўтган йил Яшнобод ва Миробод туманларида қотиллик, Олмазорда тан жароҳати етказиш, Шайхонтоҳурда эса талончилик ҳолатлари кўп учрагани таъкидланди.

Шу сабабли, яқинда мазкур туманларнинг ички ишлар раҳбарлари тўлиқ янгилангани билдирилди. Янги тайинланган масъуллардан ташаббускорлик кутиляпти: ҳудудида жиноятчиликни жиловлаш, профилактикани кучайтириш ва қисқа муддатда кескин ўзгариш қилиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда энг кескин танқидлардан бири раҳбарларнинг иш услубига қаратилди. Жиноятларни фош қилиш ва олдини олиш ўрнига, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев ва шаҳар прокурори в.б. Анвар Ўрмонов “фақат микроавтобусда шаҳар айланиб юриш” билан банд бўлаётгани айтиб ўтилди. Яъни кўзбўяма мониторинг бор, аммо тизимли натижа йўқ, деган маънода.

Президент томонидан, агар раҳбарлар 12 та туман ҳокими, ички ишлар бошлиғи, прокурори, маҳалла еттилиги ва жамоатчилик билан бир тан-у бир жон бўлиб ишласа, 7,5 мингта жиноятнинг олди олиниши мумкин бўлгани қайд этилди. Бу рақам ҳам масъуллар учун аниқ мезон сифатида қўйилди: имконият бор, ресурс бор, фақат иш услуби ва масъулият етишмаяпти.

Якунда Султонхўжаев ва Ўрмоновга ҳайфсан берилди ҳамда олти ойлик синов муддати тайинланиши белгиланди. Энди эса бу муддат “формал ҳисоботлар” эмас, ҳақиқий натижа, профилактика ва ҳамжиҳатликдаги иш билан баҳоланиши кутиляпти.