Концертда кутилмаган хушхабар: Райҳон саҳнада катта сирни очиб берди (видео)
Хонанда Райҳон Ғаниеванинг концертида кутилмаган ва жуда таъсирли лаҳза юз берди. Концерт қизғин паллага кирган пайтда Райҳоннинг қўлига конверт тутқазилиб, ундан бир сирни очиб бериш илтимос қилинди.
Маълум бўлишича, залда ўтирган Самира исмли аёл Райҳоннинг гитарачиси Жамшиднинг турмуш ўртоғи экан. Райҳон конвертни очиб кўрар экан, Самира яқин орада она бўлишини маълум қилди. Бу янгилик залдагилар учун катта сюрприз бўлди.
Шундан сўнг Райҳон Жамшиддан туғилажак боланинг жинсини айтайми, деб сўради. Жавоб олгач, у боланинг жинси қиз эканини барчага баланд овозда эълон қилди.
Ўзининг ота бўлишини ва туғилажак фарзанди қиз эканини эшитган Жамшид кўз ёшларини тутиб тура олмади. Унинг қувончи бутун залга улашилди. Райҳон эса гитарачисини қучоқлаб, чин дилдан табриклади ва қўлидаги конвертни эсдалик сифатида олиб қўйишини айтиб ўтди.
Ушбу лаҳза концертга ташриф буюрган барча томошабинлар учун кутилмаган ва жуда ҳаяжонли бўлди. Айниқса, бу воқеа гитарачи Жамшид ҳаётида унутилмас хотира сифатида қолди.
