Рақамли маҳалла орқали "қизил" ва "сариқ" ҳудудлар назоратга олинади
Маҳаллалардаги муаммоларни “кўзбўямачилик” эмас, аниқ рақам ва кўрсаткичлар асосида ўлчаш, ҳар бир ҳудудга алоҳида ёндашувни кучайтириш режалаштирилмоқда. Шу мақсадда “Рақамли маҳалла” электрон платформаси орқали маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий мезонлар кесимида баҳолаш амалиёти йўлга қўйилади.
Тақдим этилаётган ташаббусга кўра, платформада маҳалла ҳаётига таъсир қиладиган муҳим йўналишлар — инфратузилма ҳолати, тадбиркорлик фаоллиги, камбағаллик, ишсизлик, жиноятчилик даражаси, низоли оилалар ҳамда аҳоли мурожаатлари каби кўрсаткичлар таҳлил қилинади. Шу таҳлиллар натижасида маҳаллалар шартли равишда “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилиши кўзда тутилган.
Яъни муаммо кўп, иш орқада қолаётган ҳудудлар “қизил” тоифага тушиши, ҳолат яхшиланишига эҳтиёж бор жойлар “сариқ” ҳисобланиши, барқарор, кўрсаткичлари нисбатан яхши маҳаллалар эса “яшил” тоифага киритилиши мумкин. Мақсад битта — муаммони яшириш эмас, уни аниқлаб, манзилли ечим топиш.
Шунингдек, тегишли туман ёки шаҳар ҳокимлари “қизил” ва “сариқ” тоифадаги ҳар бир маҳалла бўйича кўрсаткичларни яхшилашга қаратилган йиллик дастур тайёрлаши, уни тасдиқлаши ва масъул давлат органлари билан ҳамкорликда амалга ошириши белгиланмоқда. Бу дегани, ҳар бир маҳалла кесимида мақсад, вазифа ва жавобгарлик аниқ кўриниш олади.
Ташаббусда яна бир муҳим жиҳат бор: ҳар бир кўрсаткич соҳаси бўйича тегишли давлат органлари бириктирилиши назарда тутилган. Масалан, ишсизлик — бир идора, инфратузилма — бошқа ташкилот, жиноятчилик — алоҳида масъул тузилма назоратида бўлади. Энг асосийси, “қизил” ва “сариқ” маҳаллалардаги кўрсаткичларни яхшилаш жараёни ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар ишини баҳолаш мезони сифатида ҳам қаралиши мумкин.
Қолаверса, ижтимоий ривожланиш ва инфратузилма дастурлари, тармоқ режалари ҳамда давлат идораларининг йиллик иш дастурларини тузишда “қизил” ва “сариқ” маҳаллалар муаммоларини биринчи навбатда ҳал қилиш устувор вазифа сифатида қўйилиши режалаштирилмоқда.
Қисқаси, “Рақамли маҳалла” платформаси орқали маҳаллаларни “қайси жойда нима оғрияпти” деган саволга аниқ жавоб бериб турадиган тизимга айлантириш кўзланяпти. Агар бу иш қоғозда эмас, амалда ишласа — “қизил”дан “яшил”га ўтиш энди гапда эмас, натижада бўлади.
