ru24.pro
World News
Январь
2026
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Гвардиоланинг янги «Сити»си: Ҳусанов ва юлдузли трансферлар таҳлили

0

2021–2024 йиллар оралиғида кетма-кет тўрт марта Англия чемпионлигини қўлга киритиб, тарихий рекорд ўрнатган “Манчестер Сити” охирги икки мавсумда бутунлай бошқа йўлга бурилди. Жамоа энди фақат натижа учун эмас, балки таркибни қайта қуриш, авлодлар алмашинувини амалга ошириш ва “эртанги кун” учун пойдевор қўйиш режимида ҳаракат қилмоқда.

Хосеп Гвардиола 2024 йил кузида юз берган инқироздан чиқишнинг энг тўғри йўлини таркибни янгилашда кўрди. Ва бу жараён рамзий тарзда 2025 йил 20 январда “Ланс”дан Абдуқодир Ҳусановнинг олиб келиниши билан бошланди. Кейинги икки трансфер ойнасида ҳам клуб катта харидларга пул аямади — “Сити”нинг янги портрети шакллантирила бошланди.

Январ ойидаги икки катта харид нима беради?

2026 йилнинг биринчи ойида “шаҳарликлар” Премьер-лигада голларга ҳисса қўшиш борасида кўзга ташланаётган Антуан Семеньони ўз сафига қўшишга муваффақ бўлди. Манчестерликлар “Борнмут”га 62,5 миллион фунт стерлинг тўлаб, ҳужумда рақобат ва вариантларни кескин оширди.

Орадан кўп ўтмай, жамоага Англия чемпионатининг энг бақувват марказий ҳимоячиларидан бири саналадиган Марк Гехи ҳам келиб қўшилди. “Кристал Пэлас” билан шартномаси тугашига олти ой қолган футболчи учун “Сити” 20 миллион фунтдан ҳам кўпроқ маблағ сарфлади. Бу харид ҳам айнан жамоадаги энг оғриқли нуқта — ҳимоя чизиғини барқарорлаштириш учун қилинган қадам сифатида баҳоланмоқда.

Семеньо — ҳужумни жонлантириш, Гехи — мудофаани тартибга солиш учун. Айниқса, жароҳатлар Пеп жамоасини ресурс жиҳатидан қаттиқ синаб турган пайтда бу трансферлар “ҳозир ҳам, кейин ҳам” керак бўладиган қарорлардек кўриняпти.

Ҳимоядаги танқислик Ҳусановни қайта олдинга олиб чиқди

Айнан ҳимоядаги кадрлар етишмаслиги Абдуқодир Ҳусановни захирадан яна асосий таркибга қайтарди. “Сити” марказида Ҳусанов ва “Уотфорд”дан ижарадан қайтган Макс Аллейн тандеми пайдо бўлди.

Бир йил давомида клуб ишончини оқлаб келаётган ўзбек ҳимоячиси мавсумнинг биринчи қисмида ўнг қанот мудофаасидаги бўшлиқни тўлдирган бўлса, ҳозир эса марказда ҳам энг ишончли фигуралардан бирига айланиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, вазият уни “учинчи вариант”дан “асосий ўйинчи” позициясига суриб келди.

Аллейн эса “Сити”даги дебютини яхши бошлаганига қарамай, кейинги ўйинларда тажриба етишмаслиги сезилиб қолди. Хусусан, Чемпионлар лигасида “Будё-Глимт”дан учралган мағлубиятдаги дастлабки икки гол айнан 20 ёшли ҳимоячининг хатолари билан боғлангани таъкидланди. Бу эса Ҳусановнинг жамоадаги аҳамиятини янада оширди: у барқарорлик ва хато қилмаслик нуқтаи назаридан кучлироқ кўрина бошлади.

“Сити” яна кимни олади? Саволга жавоб бор

Мухлисларнинг асосий саволи оддий: “Энди яна ким келади?” Шу масалага нуфузли манбалардан бири саналадиган The Athletic нашри журналисти Сэм Ли ойдинлик киритди.

Унинг маълум қилишича, 2026 йил январь трансфер ойнасининг қолган кунларида “Манчестер Сити” асосий таркиб учун яна янги футболчи олиб келишни режалаштирмаяпти. Клуб раҳбарияти яқинда амалга оширилган харидлардан қониққан: Семеньо ва Гехи устувор мақсадлар эди, уларни эрта ҳал қилиш Гвардиола атрофидаги босимни ҳам анча юмшатади.

Энди диққат чиқиш трансферларга қаратилади

Эндиликда “Сити”нинг эътибори кўпроқ чиқиб кетиши мумкин бўлган ўйинчиларга тушяпти. Хусусан, асосий таркибда ўз ўрнини мустаҳкамлай олмаган Оскар Боббга Европа клублари қизиқиш билдиряпти. Энг сўнгги хабарларга қараганда, “Фулхэм” уни 35 миллион фунт таклиф билан олиб кетишни истаяпти. Шу билан бирга, Дортмунднинг “Боруссия”си ҳам вазиятни диққат билан кузатмоқда.

Дарвозабонлар масаласи ҳам қизиқ. “Пари Сен-Жермен”дан Жанлуижи Доннарумма келганидан кейин Жеймс Траффорд асосий ўринни йўқотди, Штефан Ортега эса узоқ вақтдан бери ўйин амалиёти ололмаяпти. Бироқ “шаҳарликлар” икки посбонни бир пайтнинг ўзида қўйиб юбормаслиги табиий. Манбаларга кўра, клуб 33 ёшли немис голкипери билан хайрлашиб, Траффордни ҳеч бўлмаса ёзгача ушлаб қолишни мўлжал қиляпти.

Ҳимояда ҳам вазият ўзгариб қолди. Аввалига Натан Аке кетиши мумкин деган гаплар юрган бўлса, Жон Стоунз, Рубен Диаш ва Йошко Гвардиолнинг жароҳатларидан кейин клуб нидерландиялик ҳимоячини ҳам “чиқиш эшиги”дан қайта олиб қолди — ҳозир ҳар бир ҳимоячи олтинга тенг.

Хулоса

Ҳозирги манзарадан келиб чиқиб айтиш мумкин: “Манчестер Сити”да бу ойда яна улкан харидлар бўлиши кутилмаяпти. Асосий интрига — чиқиш трансферлар ва таркиб ичидаги рақобат.

Биз учун эса энг муҳими бошқа: Абдуқодир Ҳусанов жамоада юзага келган вазиятдан тўғри фойдаланиб, асосий таркибдаги ўрнини янада мустаҳкамлаб олиши керак. Бундай имконият ҳар куни келавермайди. Ҳозир “Сити” янги даврга қадам қўймоқда— ва Ҳусанов ўша даврнинг муҳим бўлагидан бирига айланиб қолиши мумкин.