Австралияда ёниб кетган ҳудуддан инсон қолдиқлари топилди
Австралиянинг жануби-шарқий ҳудудларида давом этаётган кучли ўрмон ёнғинлари оқибатида инсон қолдиқлари топилди. Виктория штати полициясининг маълум қилишича, қолдиқлар Лонгвуд шаҳарчаси яқинида, автомобил ёнидан аниқланган. Ҳозирча марҳум шахснинг кимлиги аниқланмаган, воқеа юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.
Бир неча кундан буён давом этаётган ёнғинлар жазирама иссиқ ва қуруқ об-ҳаво сабабли тез тарқалмоқда. Виктория штатида 350 минг гектардан ортиқ ер майдони ёниб кетган, 300 дан зиёд уй ва бошқа иншоотлар вайрон бўлган. Минглаб хонадонлар электр таъминотисиз қолган.
Расмийлар ушбу ёнғинларни 2019–2020 йиллардаги “Қора ёз”дан кейинги энг йирик фалокатлардан бири сифатида баҳоламоқда. Ҳозирда штат бўйлаб 30 дан ортиқ ёнғин фаол ҳолатда. Ёнғин тутуни Мелбурн шаҳрини ҳам қамраб олиб, ҳаво сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Австралия бош вазири Энтони Албанесе ёнғиндан зарар кўрган аҳолига ва фермерларга молиявий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди. Минглаб ўт ўчирувчилар ва ўнлаб самолётлар ёнғинларни ўчиришга жалб этилган. Расмийлар аҳолини хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишга чақирмоқда.
