Нью-Йорк тарихида илк бор: янги мэр Қуръон билан қасамёд қилди
Зоҳран Мамдани расман Нью-Йорк шаҳри мэри сифатида қасамёд қилди ва бу маросим шаҳар тарихида мутлақо янги саҳифа бўлди. У лавозимга киришиш олдидан Қуръонга қўл қўйиб қасамёд қилди. Манбаларга кўра, бу Нью-Йорк мэри қасамёд маросимида Қуръондан фойдаланган илк ҳолат ҳисобланади.
Маросим Янги йил арафасида, ярим тунда Манҳэттендаги City Hall метро бекатида — кўп йиллардан бери ёпиқ, тарихий ва шаҳар мэрияси остида жойлашган станцияда ўтказилди. Қасамёдни Нью-Йорк штати бош прокурори Летития Жеймс қабул қилгани ҳам қайд этилган.
Қизиғи, АҚШда қасамёдда албатта диний китоб ишлатиш шарт эмас. Аммо Нью-Йоркдаги кўпгина аввалги мерлар анъанавий равишда Инжил билан қасамёд қилишгани айтиляпти. Мамданининг Қуръон танлаши эса шаҳарнинг турфа маданияти ва янгиланиб бораётган руҳини яна бир бор кўрсатди.
Эслатиб ўтамиз, 34 ёшли демократ Зоҳран Мамдани 2025 йил 4 ноябрдаги сайловда ғалаба қозонган ва 2026 йил 1 январдан расман мэрликка киришган. У Нью-Йоркнинг биринчи мусулмон мэри, биринчи жанубий осиёлик мэри ва “авлодлар орасидаги энг ёш” раҳбарлардан бири сифатида ҳам тарихга кирди.
Мамдани қасамёддан кейин “Бу ҳақиқатан ҳам умр бўйи бериладиган шараф ва имтиёз” деган мазмундаги сўзларни айтгани келтирилади. Шу билан бирга, турли сиёсий қарама-қаршиликларга қарамай, сайловдан кейин Доналд Трамп билан учрашув ҳам бўлиб ўтгани, томонлар ўша пайтда мулоқотни нисбатан мулойим оҳангда ўтказгани ҳақида ҳам хабарлар бор.
Қисқаси, Нью-Йорк янги йилни оддий янгилик билан эмас, тарихий бурилиш билан бошлади. Энди энг катта савол битта: Мамдани берган ваъдаларини қай тарзда амалда кўрсата олади ва шаҳарга ҳақиқий ўзгариш олиб келадими.
